Ravon бренди Россия бозорида "Ravon’дан смартфон" ("Смартфон от Ravon") деб номланган дастурни йўлга қўймоқчи. 

Бу ҳақда компания вакиллари Москвада ўтган Ravon дилерлари анжуманида маълум қилишди. Яқин кунларда ушбу марка автомобилларини сотиб олган барча харидорлар Google компанияси билан бирга яратилган ва техник кўрикдан ўтиш учун масофадан ёзилиш ҳамда электрон сервис китобчаси функцияларига эга бўлган Ravon Online дастури билан жиҳозланган смартфонни совғага оладилар.

2017 йил 23 мартдан компания йўлларда ёрдам бериш дастури Ravon Assistance’ни йўлга қўйганди. Бу дастур доирасида қуйидаги хизматлар кўрсатилади: машина бузилиб қолганда уни эвакуация қилиш; техник ёрдам (двигателни ўт олдириш); ёқилғи қолмаганда уни етказиб бериш; ғилдиракни алмаштириш; машина бузилганда техник маслаҳат бериш; ҳуқуқий маслаҳат бериш; машина бузилиб қолганда такси чақиртириш.

Ravon Assistance дастурига 2017 йил 1 январдан кейин автомобиль сотиб олганлар ҳам қўшилади. Бундайлар техник кўрикдан ўтиш учун сервисга келганларида ушбу дастурга уланадилар.

2016 йилда Россияда Ravon автомобилларидан 1 811 та сотилган. Айни вақтда Россияда 50 дан кўпроқ дилерлик марказлари мавжуд бўлиб, Ravon 2017 йилда улар сонини 120 тага етказмоқчи ва 50 мингтага яқин машина сотмоқчи. Ravon моделлар қаторига Ravon R2 (Spark) хэтчбеги ва Ravon Nexia R3 (Aveo), R4 (Cobalt) ва Gentra седанлари киради.