Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишга киришдилар.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2016 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Давлатимиз раҳбарининг маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот йилида назорат ишларининг йиллик Дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликда 25 та йўналиш бўйича 131 та объектда назорат тадбирлари ўтказилди.

Ҳисоб палатаси томонидан 2015 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилди ва баҳоланди, 2017 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджетининг лойиҳаси экспертизадан ўтказилди. Ҳудудлар миқёсида ҳам республика Давлат бюджетини шакллантириш ва ижросини таъминлаш назорат қилинди, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар мисолида улардан фойдаланишнинг қонунийлиги, мақсадли йўналтирилганлиги ҳамда самарали эканлиги текширилди.

Назорат тадбирларининг натижалари бўйича тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликларга 19 та ёзма кўрсатма юборилди. Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 86 млрд. 643 млн. сўм миқдорида етказилган зарар ундирилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ҳамкорликда жойларда қонун ҳужжатларининг ижроси, молия-бюджет интизомига риоя этилишининг аҳволи ўрганилди. Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети ижросини ўрганиш натижалари халқ депутатларининг вилоят Кенгаши сессиясида ҳар тарафлама муҳокама этилди. Унинг ишида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари фаол иштирок этдилар.

Ҳисоб палатаси ҳисоботини кўриб чиқиш якунларига кўра сенаторлар унинг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

Шундан сўнг, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.

Ҳисоботда қайд этилганидек, Марказий банкнинг 2016 йилдаги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгиланган вазифаларни ҳамда Марказий банкнинг аввалги ҳисоботлари якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорларида қайд этилган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди.

Банк тизими капиталлашуви даражасини ошириш, унинг ликвидлигини ва барқарорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида тижорат банкларининг умумий капитали 20,2 фоизга кўпайди ва 9,35 триллион сўмни ташкил этди. 2016 йил якунларига кўра банк тизими капиталининг етарлилик даражаси халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан деярли 3 баравар, унинг ликвидлиги эса энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди. Банклар депозитлари ҳажмининг 25,2 фоизга ошиши таъминланди, бу эса банклар активлари ҳажмларининг 23,3 фоизга ошишига олиб келди.

Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини бажариш учун 12,2 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди, бу эса 2015 йилга нисбатан 1,2 баравар кўпроқдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир кредит сиёсати сезиларли даражада такомиллаштирилди. Уларга давлатимиз тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди ва 15,8 трлн. сўмни, шу жумладан микрокредитлар 3,3 трлн. сўмни ташкил этди. Тижорат банклари томонидан коллежларнинг битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, бу эса 2015 йилдагидан 1,3 баравар кўпроқдир.

2016 йилда банк тизимининг фаолияти иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлашга ва аҳоли фаровонлиги янада оширилишини таъминлашга кўмаклашди. “Мудис” рейтинг агентлиги сурункасига етти йилдан бери Ўзбекистон банк тизимига “барқарор” рейтинги баҳосини бермоқда.

Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган талифлар ва тавсияларни билдирдилар. Хусусан, банк-молия тизимининг барқарорлигини сақлаш, омонатчилар, қарздорлар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида банклар ва бошқа молиявий муассасалар фаолиятини назорат қилиш самарадорлигини оширишга доир ишларни кучайтириш тавсия этилди. Уй хўжаликларига мамлакат аҳолисини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш учун имтиёзли микрокредитлар бериш, республика ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилаётган лойиҳаларни молиялаштириш кўламлари ва ҳажмларини кенгайтириш борасидаги ишларни кўчайтириш лозимлиги қайд этилди. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда, 2017 йилнинг январь ойида Ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг маърузаларида банк тизими олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидладилар.

Ҳисоботларни кўриб чиқиш якунларига кўра Олий Мжлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.