2017 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланганидек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини бажаришга, қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат назоратини кучайтиришга, мамлакатдаги экологик ҳолатни соғломлаштиришга қаратилди.

Ҳисобот даврида инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, экологик мувозанатни, жонли табиат турларининг бойлигини ва генетик фондини, экологик тизимлар ранг-баранглигини сақлаб қолиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, экологик хавфсизликни таъминлашга, табиат объектлари билан боғлиқ маданий меросни сақлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда 6 та қонун лойиҳасининг янги таҳрири, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарори тайёрлангани ва шундан 8 таси қабул қилингани қайд этилди.

Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан олиб борилган назорат давомида 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ корхона ва ташкилотларга даъво киритилди, 4,13 млрд. сўм ундирилди.

2016 йилда ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари учун, хизматлар, экологик хавфли чиқиндиларни ва маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун 3 860 дан ортиқ экологик сертификат берилди. 27 500 та лойиҳа давлат экологик экспертизасидан ўтказилди, 3 350 дан ортиқ экологик норма белгиланди. Давлат экологик экспертизасининг тавсияларига мувофиқ энергетика, нефтгаз, металлургия, кимё, қурилиш тармоқларининг, саноат, коммунал ва қишлоқ хўжалигининг 318 та хўжалик юритувчи субъектида энергия тежовчи, кам чиқинди чиқарадиган технологиялар жорий этилди. Экологик, шунингдек идоравий ва жамоат назоратини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

2013–2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурини бажариш чоралари кўрилди. Оролбўйи минтақасини экологик соғломлаштириш бўйича чоралар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги 76,1 минг гектар майдонда янги иҳота дарахтзорлари барпо этилди.

2016 йилда бешта халқаро лойиҳани амалга ошириш давом эттирилди, 25 та янги халқаро лойиҳа ишлаб чиқилди ва 2017 йилда 6 та янги лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилди. Ҳисоботни муҳокама қилиш вақтида сенаторлар экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан ишлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда кўпайтириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш соҳаларидаги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратдилар. Давлат экологик назорати, атроф муҳит мониторинги, шунингдек халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат органларининг инфратузилмасини ва моддий-техник базасини ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шундан сўнг сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.