Тошкент шаҳрида автомобиллар билан боғлиқ жиноятлар содир этган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда “На посту” газетаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 1997 йилда туғилган Заҳро Усмонова, Шаҳбоз Султонов, 20 ёшли Рустам Сагдаханов ҳамда 2000 йилда таваллуд топган Георгий Андреев пойтахтда автомобиллар билан боғлиқ бир неча жиноятлар содир этишган. Улар жорий йилнинг 26 январь куни Мирзо-Улуғбек туманида “Нексия” автомобилини олиб қочиб кетишган. Шунингдек худди шу туманнинг Қодирова кўчаси яқинидаги уйлардан бирининг олдида турган “Нексия-2” машинасининг қулфини бузиб, ундан автомагнитола, видеоқайд этиш ускунаси ва беш миллион сўм пул маблағни ўмаришган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ Юнусобод туманининг тўққизинчи мавзесида ҳам “Нексия” автомобилини олиб қочишга ҳаракат қилишган, аммо у ўт олмагач, ташлаб кетишган.

Жиноятчилар Юнусобод туманида қолдирилган ҳамда илмий-тадқиқот институтларидан бирига тегишли бўлган яна бир “Нексия”ни ҳам кўз остиларига олишган. 

Маълумотларга кўра, жиноятчилардан бири – 19 ёшли қиз каратэ билан шуғулланган ҳамда унинг ёнидан пичоқ топилган. 

Айни дамда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.