АҚШ президенти Дональд Трамп iPhone’дан фойдалана бошлади. У Android’дан хавфсизлик нуқтаи назаридан воз кечди, деб ёзмоқда The Verge нашри.

Давлат раҳбари маъмуриятининг ижтимоий тармоқлар бўйича директори кичик Дэн Скавинонинг Twitter’да ёзишича, Трамп “олмали” қурилмани бир неча ҳафтадан бери ишлатмоқда. У АҚШнинг 45-президенти томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган сўнгги хабарлар янги смартфон орқали жойлаштирилганини тасдиқлади. 

Аввалроқ Америка маъмурияти раҳбари Жанубий Кореянинг Samsung брендига тегишли қурилмадан фойдаланиши сабаб кўп бора танқид қилинганди. Февраль ойида икки нафар сенатор мудофаа вазири Жеймс Мэттисга мактуб йўллаб, унда “эски, ҳимояланмаган Android-смартфонни” бузиб кириш осон экани ҳақида фикр билдиришди. 

Маълумот учун, Трамп сайловолди кампанияси вақтида Apple маҳсулотларини бойкот қилишга чақирганди, сабаби корпорация ФҚБ мурожаати билан 2015 йилнинг декабрида Калифорниянинг Сан-Бернандиносида 14 кишини ўлдирган ва 21 кишига жароҳат етказган террорчи iPhone’нини бузиб киришдан бош тортди.  

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама дастлаб BlackBerry қурилмасидан фойдаланган бўлса-да, кейинчалик у ҳам iPhone’га ўтиб олганди.