2017 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.

Ҳисоботда қайд этилганидек, республика ички ишлар органларининг ўтган йилдаги фаолияти мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга, жамоат тартиби сақланишини таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, фаолиятнинг шу соҳаларида аниқ натижаларга эришишга қаратилди.

Ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувларни татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашишга жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг ўтган қисқа даври мобайнида республиканинг 5 253 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Жиноятнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, аввал судланганлар, жиноятчи гуруҳлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сони анча камайишига эришилди. Шахсга қарши жиноятларни очиш ва тергов қилишда, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига, одам савдосига, терроризмга, диний экстремизмга ва уюшган жиноятчиликка, шунингдек иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришилди.
Шу билан бирга, ҳисоботда таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 февралида ИИВ органлари ходимлари билан бўлиб ўтган йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан ички ишлар органлари, вазирлик раҳбарияти тегишли хулосалар чиқариб олди. Ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни ҳал қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир ишларни тубдан яхшилаш, мамлакатда ҳуқуқий тартиботни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар ташкил этилди.

Хусусан, профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига асосланган мезонлари ишлаб чиқилди, ички ишлар органлари барча бўғинлари раҳбарлари томонидан аҳоли олдида мунтазам ҳисоб бериш амалиёти жорий этилди. Ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, ички ишлар органлари хизматини бевосита аҳоли пунктларида ташкил этиш орқали жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрланди. Жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика инспекторларини улар фаолиятига хос бўлмаган юмушлардан озод қилиш, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кучайтириш бўйича мунтазам ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ва судлар билан ҳамкорликда жиноятларни фош қилиш борасидаги ишларни яхшилаш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди. Жиноятларни содир этиш сабаблари, шарт-шароитлари ва омилларини ўрганиш бўйича ишлар ташкил этилди. Содир этилган ҳар бир жиноят ҳолатларини муҳокама қилиш учун йиғилишлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мазкур йиғилишларда ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.

Ҳисоботда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказиб келинаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунлари ўзига хос самара бераётганлиги қайд этилди. Кенг жамоатчилик, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ҳар пайшанба куни ташкил этиладиган жиноятларнинг олдини олишга доир комплекс тадбирлар, хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг машғулотларда қатнашиш давоматини муҳокама қилиш, бу борада тартиб ўрнатиш юзасидан таълим муассасалари маъмурияти ва ота-оналар жавобгарлигини ошириш бўйича ташкилий-тушунтириш тадбирлари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар томонидан ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, ходимлар, айниқса профилактика инспекторлари учун муносиб хизмат ва маиший шарт-шароитлар яратишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Сенаторлар ички ишлар органлари ходимларининг касбий савиясини ошириш ишларини жиддий равишда яхшилаш, шу мақсадда минтақавий семинарларини ўтказиш зарурлигини қайд этдилар. Одамлар дарду-ташвишларига бефарқ муносабатда бўлган, қонунни суистеъмол қилган ва бузган ходимларга нисбатан ўз вақтида қатъий чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди. Сенаторлар қайд этганларидек, жиноятга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ички ишлар органлари фаолиятининг тубдан яхшиланиши Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини муваффақиятли рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.