«Газпром» компанияси бошқарув кенгаши раиси Алексей Миллер Тошкентга етиб келган. У Ўзбекистондан табиий газ харид қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудидаги инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилиш учун келган.

«Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг компанияси матбуот хизматининг «Кун.uz»га маълумот беришича, Миллер холдинг компания раҳбарияти билан музокара ўтказади. Бундан ташқари, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши кутилмоқда.

28 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашувида Ўзбекистондан Россияга газ сотилиши муҳокама этилди. Хусусан, «Газпром» ва «Ўзбекнефтегаз» ўртасида ўзбек гази хариди бўйича ўрта муддатли шартнома тузиш масаласи муҳокама қилинган.

Россия 2016 йилда Ўзбекистондан  харид қилган газ ҳажми 6,2 млрд кубометр бўлган. Бундан олдинроқ «Газпром» 2017 йилда Ўзбекистондан 5 млрд куб газ сотиб олиши маълум қилинганди.

«Газпром» ва «Ўзбекнефтгаз» МХК 2002 йилда стратегик ҳамкорлик ҳақида келишув имзолаган бўлиб, унга кўра «Газпром» маҳсулотни тақсимлаш келишуви асосида Ўзбекистон ҳудудида табиий газ қазиб олиш лойиҳаларида иштирок этиши кўзда тутилган. Шу келишувга кўра, Устюрт платосидаги «Жел» конида газ конденсатини ўзлаштириш бўйича техник вазифа тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўтган ойда «Ўзбекнефтегаз» МХК бошқаруви раиси Алишер Султонов «Газпром» таркибидаги GPD (Gas Project Development Central Asia) компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» МХК Сурхондарё вилоятидаги газ конини ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимотига  оид битим тузишни режалаштиргани ҳақида маълумот берганди. 

GPD ва «Ўзбекнефтгаз» 2017 йилнинг март ойи охиригача «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида разведка ва ўзлаштириш ишларини олиб бориб, Сурхондарёда газ-кимё комплексини қуриш бўйича «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестицион блокига оид МТни тайёрлаши айтилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон газ қазиб олувчи дунёдаги энг йирик давлатлар ўнлигига киради (йилига 63—65 миллиард куб метр газ), МДҲ давлатлари орасида эса учинчи ўринни эгаллайди. Ўзбек газининг асосий хариди Россия ҳисобланади. «Газпром» томонидан сотиб олинаётган газ «Ўрта Осиё – Марказ» (САЦ) газ қувури орқали транспортировка қилинади.