Киев шаҳрида Ўзбекистон-Украина ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳар икки мамлакатнинг текстиль, кимё, электр техникаси ва қурилиш соҳаларидаги 50дан ошиқ корхона вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Жаҳон» ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси, «Ўзбекенгилсаноат» АЖнинг Украина енгил саноат корхоналари ассоциацияси кўмагида ташкил этилган тадбир сармоявий ва савдо оқимларини кўпайтиришга қаратилган.

«Ўзбекенгилсаноат» ва «Укрлегпром» ўртасидаги музокаралар якуни бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Ўтказилган икки томонлама учрашувлар якунида эса Украинага автотранспорт воситалари, текстиль, электротехника, қурилиш ва тамаки маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 47,4 миллион АҚШ долларлик тижорат шартномалари имзоланди. Ўзбекистонга «Ўзпахтасаноат» АЖ тузилмаси учун «Днепропресс» технология қурилмасини етказиб беришга доир 2 миллион долларлик келишувга эришилди.

«Укрлегпром» фахрий раиси Валентина Изовитнинг фикрича, Ўзбекистоннинг енгил саноатни ривожлантириш стратегияси соҳа ривожига катта туртки берди.

Шу билан бирга, «Ўзкимёсанот» АЖ ва GFT Ltd компанияси ўртасида Ўзбекистон ҳудудида суюқ ўғит ва биопрепаратлар ишлаб чиқишни ташкил этиш бўйича Меморандум имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси таркибидаги «Қува Агроинвест» (Фарғона вилояти) вакиллари Львов шаҳридаги T.B.Fruit ҳамда «Голден Фрут» корхоналари ишлаб чиқариш майдонларига ташриф буюришди. У ерда мева ҳамда сабзавотларни қайта ишлаш йўли орқали олинган шарбат концентратларини ишлаб чиқаришга оид ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек «Ўзагроэкспорт» АЖ ва «БТС-импорт» ўртасида Киевда қўшма савдо уйини таъсис этиш тўғрисидаги келишувга эришилди.