Аҳолининг сифатли ва арзон дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида чекка туманларда фаолият юритувчи кўчма дорихоналар ташкил этилган, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Айни дамда “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг махсус жиҳозланган “ISUZU” русумли изотермик автофургонларида 14 та кўчма дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “DAMAS” русумли автомашиналарда қўшимча равишда яна 100 та кўчма дорихоналар ташкил этилган.

Мазкур дорихоналар қай даражада самарали ишлаётганини баҳолаш учун уларнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилинганда, биргина 2016 йилда компания тизимидаги кўчма дорихоналар орқали аҳолига жами 7,6 миллиард сўмлик савдо хизмати кўрсатилгани маълум бўлди. 

Чекка ҳудудлардаги аҳолини дори-дармон билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида 2017 йилда “DAMAS” русумли автомашиналарда қўшимча 40 та кўчма дорихона ташкил этилиб, бундай дорихоналар сони 154 тага етказилиши кўзда тутилган.