Ливан президенти, бу йил 82 ёшга тўлган Мишель Аун Араб давлатлари лигаси саммити доирасида суратга тушиш маросими вақтида йиқилиб тушди. Бу ҳолат видеоси "Ал-Арабия" телеканалида намойиш этилган.

Тўғридан-тўғри трансляция кадрида кўриш мумкинки, сиёсатчилар эсдалик учун суратга тушишга тайёргарлик кўраётган маҳалда Ливан президенти бирданига юзтубан йиқилган. Шундан сўнг режиссёр дарҳол планни ўзгартирган. 1 дақиқа ўтиб, президент ўрнидан кўтарилган маҳалда трансляция давом эттирилган. Бу вақтда Мишель Аун ўз ҳамкасблари даврасида жилмайиб туришини кўриш мумкин.

Бу воқеадан 2 соат ўтиб сиёсатчи Ливан номидан чиқиш қилган.

Араб давлатлари лигасининг 28-саммити Иорданияда 18 давлат вакиллари иштирокида ўтказилмоқда. Саммит аввалига Яманда ўтказилиши белгиланганди, аммо мамлакатдаги нотинч вазият бунга йўл бермади.

Лига минтақадаги 21 давлат ҳамда Фаластин озодлик ҳаракатини бирлаштиради, бош қароргоҳи - Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида.