АҚШ конгрессининг бюджет бўйича бошқармаси узоқ муддатли прогноз тузди. Унга кўра, 2047 йилга келиб АҚШнинг юридик ва жисмоний шахслар олдидаги қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 150 фоизигача ошади.

Таъкидланишича, айни вақтда АҚШнинг давлат қарзи ЯИМнинг 77 фоизини ташкил қилади ва бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 

"Агар мавжуд қонунлар ўзгармасдан қолса, бошқарма бюджет дефицитининг ўсиши ўз ортидан кейинги 30 йил ичида давлат қарзининг кескин ошишини келтириб чиқаришини прогноз қилмоқда. Давлат қарзи 2047 йилга келиб ЯИМнинг 150 фоизигача етади. Бундай катта ва ўсиб борувчи қарз АҚШ учун катта хатарларга эга ва сиёсатчилар олдига жиддий муаммоларни қўяди", дейилган ҳужжатда.

30 март ҳолатига кўра, АҚШнинг умумий давлат қарзи 19,85 трлн долларни ташкил қилмоқда. Бошқарма қарз 2027 йилгача ЯИМнинг 89 фоизигача, 2035 йилда эса 1946 йилда қайд қилинган мутлақ максимумдан (ЯИМнинг 106 фоизи) ошишини аниқлаштириб ўтди.