1867 йилнинг 30 мартида Россия ўзининг Шимолий Америкадаги ерларини АҚШга сотиб юборган. ТАСС Россиянинг бу океанорти мустамлакасининг бетакрорлиги, унинг қисқа лекин ёрқин тарихи ва Аляска сотилганлигининг асл сабаблари ҳақида очерк тайёрлади

1867 йилнинг 30 мартида Аляскани сотиш ҳақидаги шартноманинг имзоланиши. Эмануэл Лойце

Провинция музейининг ойнаванд витринасида ўлчамлари 20х20 см бўлган мисдан ясалган лавҳ бор: унда "Россия ихтиёридаги ерлар" сўзи битилган. Бироқ Россияда бунақасини топиб бўлмайди — фақат океан ортида, фақат Аляскада учратасиз.

— Янги қўшиб олинган ҳудудларга рус қўшинлари ёғоч устунлар ўрнатишга одатланишган эди, — дея ҳикоя қилади Иркутск областидаги Шелехов шаҳар музейи директори Наталья Волкова, — Бироқ, Аляскада ёғоч устунлар ўрнатишдан маъни йўқ эди — ерли аҳоли ёки рақобатчи-мустамлакачилар уларни олиб ёқиб юбориши мумкин эди. Шу сабабли Григорий Шелихов Аляска ерига лавҳлар кўмишга буюрган.

Григорий Шелихов — саноатчи, савдогар, тадқиқотчи, унинг шарофати билан Аляска ерлари ўзлаштира бошланган. У бу ерларнинг бир аср мобайнида Россия ерлари ҳисобланиши учун кўп ишлар қилган.

Россия Шимолий Американи мустамлакага қандай айлантирди?

Шелихов кемалари Аляска соҳилларига етиб борган биринчи савдогар эмас эди. 1742 йилда Витус Беринг экпедицияси қатнашчилари Американинг ғарбий соҳилларини очишгач, улар Россияга қайта туриб ўзлари билан денгиз суғурининг мўйналарини келтиришган. Мўйналар ўзининг қиймати билан Сибирь савдогарлари орасида жуда машҳурлашиб кетган.

Григорий Шелихов

Кейинги ўн йилликлар рус саноатчиларининг Командор, Алеут ороллари ва Аляска соҳилларига тўхтовсиз экспедицияларига билан кечган. Эски кемалар ва тажрибасиз денгизчилар билан... Мўйна учун йўл олган кемалардан ҳар учинчиси Беринг денгизида ғарқ бўлган.

Григорий Шелихов мўйна ишлаб чиқаришга нафақат тижорий, балким геосиёсий тус бера бошлашидан аввал қирқ йилча вақт ўтган. 1784 йили Кадяк оролига қадам босгач, у бу ерда илк манзилни барпо этади ва Аляскага нафақат тижорий, балким ҳудудий талабларни ҳам қўя бошлайди.

Америка соҳилларига Шелихов 20 ёшли рафиқаси Наталья Алексеевна билан келади. Бу ерда у мўйна ишлаб чиқариб, бойиб кетишни кўзлаб эмас, аввало ўзини шу ернинг эгасидек тута бошлайди.

— Россия Америкасида Шелихов бор-йўғи 2 йил яшайди. Шу вақт ичида алеутлар ва тлинкитлар билан қуролли тўқнашувлар ўтказиб, тезда маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатиб олади. Аборигенларнинг фарзандлари форпостда рус болалари билан бир хил шароитда қабул қилинади, улар учун мактаблар очилади, ҳунар ўргатила бошлайди. Қай бирларини Россиянинг шарқий пойтахти — Иркутскка ўқишга жўнатишади, — дея ҳикоя қилади Волкова.

Айнан Шелихов шарофати билан Шимолий Америкадаги рус манзилгоҳлари ўзининг бетакрор кўринишига эга бўла бошлайди.

Рус Америкасининг бетакрорлиги

Шелихов 1795 йилда — ўзининг энг йирик бизнес-режаси амалга ошганини кўра олмай вафот этади. Унинг компанияси барча рақобатчиларидан устун чиқади ва 1799 йилда император Павел I мўйна ишлаб чиқариш ва бошқа ишларга Алеут оролларидан Калифорниягача бўлган улкан ҳудудда расмий монополия тақдим этади. 

Шелихов компанияси Рус манзилгоҳлари устидан маъмурий бошқарув функцияларига ҳам эга бўлган акциядорлик жамияти — Рус-Америка компанияси (РАК) тузиш учун асос бўлади 

Россия иқтисодиётида РАК уч карра қалдирғоч бўлади: илк монополия, илк марта маълум бир ҳудудга бошқарувнинг давлат функциялари тақдим этилган давлат ва хусусий мулк шерикчилиги, император оиласи аъзолари иштирокидаги илк акциядорлик жамияти.

Моҳиятан, Россия мустамлакаларни бошқаришнинг инглиз-саксон услубидан фойдалана бошлайди — Британиянинг Ост-Индия компанияси сингари. Лекин бу ҳолда РАК соф иқтисодий фаолият билан биргаликда, Шимолий Америка ва бутун Тинч океани минтақасида Россия геосиёсий манфаатлари йўлбошчиси функциясини бажаришдек муҳим иш билан ҳам шуғулланади.

Унинг пулига тадқиқот экспедициялари ташкиллаштирилади, жумладан, Ер курраси бўйлаб саёҳатлар, Россия савдо флоти ташкиллаштирилади. Компания нафақат Аляска, шунингдек, Сахалин, Приморье ва Амурбўйи ҳудудлари ривожига ҳам пул тикади. 

РАК — ўзига хос "Империя қурилишининг пудратчиси" эди, деб ёзади Илья Виньковецкий ўзининг "Рус Америкаси" китобида. У шунингдек, "Аляскадан тажриба майдони сифатида фойдаланиш бошдан-бош мавжуд эди. Петербург учун океан ортидаги ягона мустамлака ўша пайтда ҳам улкан ҳудудга эга бўлган Россиянинг бирор бир жойида амалга оширилмаган бошқарув стратегиясини синаш полигони эди", — деб ёзади. 

Нега руслар фақат Аляскани мустамлакага айлантиришган?

Рус мустамлакачиларининг Тинч океани соҳиллари истилоси жуда секин бораётган, бунга асосий сабаблардан бири ерли аҳоли билан мураккаб муносабатлар эди. Агар Алеут ороллари аҳолиси — алеутлар, кадякликлар ва эскимосларни мустамлакачилар ўз бизнесига жалб қилиб, ўргатиб олишган бўлишса, Шимолий Америка соҳилларида яшаб келаётган тлинкитлар қабилалари русларга нисбатан асло дўстона муносабатда эмасди.

1802 йилда улар русларнинг Ситка манзилгоҳини бутунлай кулини кўкка совришади. Фақат орадан икки йил ўтиб, Санкт-Петербургдан мустамлакачиларга "Нева" ҳарбий кемаси ёрдамга келгачгина ҳудуд устидан назорат қайтариб олинади. 

Шундан сўнг тлинкитларнинг айрим қабилалари билан сулҳ шартномаси тузилади. Бироқ ярашув бир қадар мўрт эди, бунга сабаб — шимолий-ғарбий соҳилларда РАКнинг рақобатчилари — британиялик ва америкаликлар ҳам ўрнашиб олган эди. "Шубҳасиз, айнан улар бесаранжом тлинкит қабилалари ўртасида фитна уруғини сочиш билан шуғулланишган", — дейди Иркутск давлат университети профессори Вадим Шахеров. Тлинкитлар улардан милтиқ, порох ва ҳатто тўпларини олишган.

Эътиборлиси, ўша урушдан сўнг 200 йил ўтибгина — 2004 йилда сулҳ шартномаси тузилган, киксади қабиласи авлодлари Россия билан расман сулҳ тузилгани борасида маросим ўтказиб беришди. 

Нима бўлганда ҳам, XIX аср бошларида соҳил бўйлаб жанубга — Калифорния тарафларга юриш имконияти қўлдан бой берилган.

Аляскани сотиш ҳақидаги илк гап-сўзлар: "Бу фикрни ўйлаб кўрмоқ керак"

Денгиз суғурларини аёвсиз қириб ташлаш уларнинг деярли йўқ бўлиб кетишига олиб келди, ўз-ўзидан РАК фаолиятидан тушадиган даромадлар ҳам пасая бошлади. Бир вақтнинг ўзида Россия Узоқ Шарқда улкан Приморье ва Амурбўйи ҳудудларини қўшиб олди. Энди Петербургда айнан уларнинг тараққиётига катта эътибор билан қарай бошлайди.

Шимолий Америкадаги ерларни сотиш ғоясини илк бора 1857 йилнинг мартида буюк князь Владимир айтади. Бунга сабаб қилиб 1853-1856 йиллардаги Қрим урушидан сўнг мамлакатнинг силласи қуригани, денгиз вазирлиги бюджетининг қисқарганлиги туфайли рус флоти қийинчиликка учраётганини кўрсатади. 

"Сотиб юбориш айни муддао бўлар эди, чунки Қўшма Штатлар ўз ерларини кенгайтириш ва Шимолий Америкада бутунлай ҳукмронлик қилишни истаётгани, бу ерларни ўйлаб ўтирмасдан харид қилиши, уларни тўхтата олмаслигимизни кўра-била туриб ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак. Бу ерлар бизга кам фойда келтирмоқда, уларнинг йўқотилиши жуда сезиларли даража бўлмайди", — деб ёзган князь.

Константиннинг хатини император Александр II га етказишади ва у ўз қўллари билан унга "Бу фикрни ўйлаб кўрмоқ керак", деб ёзиб қўяди. АҚШ билан бу борада норасмий музокаралар бошланади, лекин фуқаролар уруши уни вақтинча тўхтатиб қўяди.

"Руслар ва америкаликлар ўртасида ҳеч қачон ёвқараш бўлмаган"

Фуқаролар урушида Шимолнинг ғалаба қозонгани икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаган, чунки Россия бу можаро мобайнида федерал ҳукуматни қўллаб турган ягона йирик давлат бўлган.

"Бу пайтда Ер юзасидаги барча давлатлар ичида Россия учун энг машҳури Америка Қўшма Штатлари эди, руслар ва америкаликлар ўртасида ҳеч қачон зиддият юзага келмаган, манфаатлар тўқнашуви ҳам юз бермаган эди, АҚШ ҳам фақат Россиядан хуш ёқувчи ва дўстона сўзларни эшитар эди", — деб ёзган публицист Михаил Катков 1866 йилнинг январида ўша вақтда Россияда америкапараст кайфият ҳукмрон бўлганини тасдиқлаб. 

Икки мамлакатнинг яқинлашишига сабаб, ўша вақтда Россия ва Американинг умумий душмани ва геосиёсий рақиби битта эди — Буюк Британия.

Шимолий Америка мустамлакаларидаги қийинчиликлар

Петербург ва Москвадаги кайфиятга Аляскадаги вазият ҳам таъсир қилган. РАК энди акциядорларга аввалги даромадларни келтирмаётган эди. Боз устига, уларнинг мавжудлиги давлат томонидан катта субсидиялар ажратилишга олиб келаётган эди. 1866 йилда Александр II РАКнинг давлат ғазнаси олдидаги 725 минг рубль қарзини кечиб юборади "давлат хазинасидан ҳар йили 200 минг рубль ажратиш" ҳақида қарор чиқаради. 

Бу ўша вақтлар учун жуда йирик маблағ эди, боз устига, давлат бюджетида камомад бўлиб турган вақтлар. Ўша кунлари молия вазири Михаил Рейтерн Александр II га Россиянинг молиявий ҳолати ҳақида хат ёзади "Барча қисқартиришлар амалга оширилган тақдирда ҳам даромадларимиз харажатларимизни қопламайди, аксинча, уч йил ичида 45 миллион рубль экстраординар ресурслар (чет эл қарзи) дан фойдаланиш зарурияти бор".

Рейтерн Алясканинг сотилишини "жуда ўз вақтида" деб баҳолаганидан ҳайрон бўлмаслик керак, боз устига у "Компания (РАК) акциядорларга аҳамиятли фойда келтирмаяпти... фақатгина ҳукумат томонидан хайриялар ҳисобига яшаб қолиши мумкин", — деб ёзган. "Мустамлакани бошқага топшириш — денгизга чиқувчи қудратли давлатлардан бири билан уруш бошланиб қолган тақдирда, бизни уни ҳимоя қила олмаслик ташвишидан халос қилади", — деб хулоса чиқарган вазир.

Тарихчиларнинг  фикрича, РАКнинг молиявий ҳолатида кўнгилдагидек эмаслиги зодагонлар ичидаги акциядорларнинг бу борадаги позицияси шаклланиши муҳим рол ўйнаган.

"РАК акцияларининг эгалари ичида подшо оиласи аъзолари ва зодагонлар ва киборлар бор эди. Уларнинг табиий истаги акциялари бўйича даромад олиш бўлган. Уларни таъминлаш учун компаниянинг барча даромадлари сарфланган — ривожлантириш учун маблағ киритиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Тез орада бу ерда нефть, олтин конлари топилиши, озгина кутиб, инфраструктурани ривожлантириш кераклиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган", — дея қайд этади профессор Вадим Шахеров.

Олтин ҳақида сотилишдан олдин ҳам билишган

Шимолий Америкадаги рус ерларида олтин конлари очилганлиги ҳақида илк хабарлар 1852 йилнинг ёзида тарқалган эди. 1861 йилга келиб бир неча америкалик ишбилармонлар Рус Америкаси чегаралари яқинида олтин қазиб олишаётган эди.

Лекин, ҳайратланарлиси шундаки, бу маълумотдан ҳам Аляскани сотиб юбориш учун баҳона сифатида фойдаланишган. "Ҳукумат Аляскадаги улкан олтин конлари ҳақида жуда яхши маълумотга эга эди, лекин улар айнан шу нарсадан чўчишарди, чунки белкурак билан қуролланган тилла ахтарувчилар ўрнига милтиқ билан қуролланган армия бостириб келиб қолиши ҳам мумкин эди", — деб ёзади совет тарихчиси Семен Окунь.

Аляскани қандай сотишган?

Аляскани сотиб юбориш борасида якуний йиғилиш 1866 йилнинг 16 декабрида бўлиб ўтган. Унда император Александр II, буюк князь Константин, ташқи ишлар вазири Александр Горчаков, молия вазири Михаил Рейтерн, денгиз вазири Николай Краббе ва Россиянинг Вашингтондаги доимий вакили Эдуард Стекль иштирок этган.

Александр II мажлис учун тайёрланган, сотиш учун иқтисодий ва ҳарбий далиллар келтирилган маълумотлар билан танишиб кўради. Йиғилишга тўпланганлар маълумотларни маъқуллашади. 

Эдуард Стекль Америка томони билан узоқ ва мураккаб музокараларни бошлайди. Америкаликлар савдони 5 миллион доллар билан бошлашади, алал-оқибатда Россия талаб қилган 7,2 миллион долларга рози бўлишади.

Ўша йиллар Россия ғазнасининг бир йиллик харажатлари 400 миллион рублни ташкил этиши инобатга олинса, албатта, бу сумма жуда арзимас. Хайриятки, сотувдан тушган пулни ақл билан сарфлашган — темир йўллар қуриш учун.

Иқтисодий манфаатларнинг сиёсий манфаатлардан устун келиши Александр II замондошлари билан бир қаторда замонамиз тарихчилари томонидан танқид остига олинади. "Бу ерда император Николай I нинг ушбу принципи бузилган: "Қаердаги рус байроғи ҳилпирай бошлаган бўлса, ҳеч қачон туширилмаслиги керак". Лекин Николайнинг принципидан унинг тўғридан-тўғри авлоди юз ўгирган", — дейди Рус географик жамиятининг Иркутск область бўлими раиси, проефсоор Леонид Коритний.

"Моржероссия"ни харид қилиш: АҚШнинг харид борасидаги янгиликка муносабати

Чек, Аляска харид қилингани учун тўланган чек

АҚШда ушбу битим ҳақидаги хабарлар аввалига ишончсизлик билан, сўнгра таажжуб билан қарши олинган. Америка матбуоти дастлабки даврларда "Моржероссия", "Президент Жонсоннинг қутб айиқлари учун ҳайвонот боғи", "Бир сандиқ муз", дея Алясканинг харид қилиниши қаттиқ ҳажв қилинган. Бироқ тез орада улкан шимолий ҳудуднинг қўшиб олиниши билан боғлиқ истиқболли имкониятлар америкаликларга бўй кўрсата бошлаган. 

АҚШ Сенатида битимни ратификация қилиш учун 37 та овоз берилган, икки киши қарши бўлган.

Балким америкаликлар Карл Марксга қулоқ тутишгандир? У ушбу битимни шундай изоҳлаган: "Иқтисодий нуқтаи назардан бу харид ҳозирча бир цент ҳам турмайди, лекин америкаликлар бу ерлар туфайли Англияни денгиздан узиб, Британиянинг бутун Шимолий Америкасини АҚШга қўшиб олишади. Мана, ит қаерга кўмилган!"

"Буюк ёлғон": Янгиликка Россиядаги муносабат

Россияда ҳам Алясканинг сотиб юборилганлиги борасидаги дастлабки хабарларга ишонишмайди. Петербургдаги "Народний голос" газетаси Ситкадаги бир нечта ёғоч капа ва нураб бораётган кемалар учун АҚШ 7 миллион доллар тўлаганига ишонқирамай, янгиликни "Американинг буюк ёлғони", деб атайди.

Лекин бошқа нашрлар бунчалик улкан ҳудуд учун арзимас пул тўланганидан таажжубдалигини ёзишади. Бундан ташқари ватанпарварлик руҳидаги чиқишлар ҳам бўла бошлайди. Таниқли ёзувчи Андрей Краевскийнинг "Голос" газетаси Алясканинг сотиб юборилиши "ҳақиқий рус кишиларини чуқур қайғуга солади, чунки Рус-Америка компанияси ҳудудни эгаллаб олиб, Россия бу ўлкага эгалик қилишга тўлиқ ҳақли эканлигини исботлаб бўлган, чунки у ерда рус халқининг меҳнати, маблағи ва қони эвазига манзилгоҳлар барпо этилган эди", — деб ёзади.

Лекин расмий ОАВлар, жумладан "Санкт-Петербургские ведомости" бир неча кундан сўнг ўқувчиларини тинчлантириб, "Жамият Шимолий Америкадаги рус ерларининг АҚШга бериб юборилганига душманона муносабатда эмас. Аксарият буни ўз вақтида қўлланилган чора, дея қабул қилмоқда ва бунинг натижаси ўлароқ америкаликлар билан узоқ ва дўстона иттифоқ тузилишидан умид қилмоқда", — дея таъкидлайди. 

Аляскани сотмаслик мумкинмиди?

Замонавий тарихчи олимлар ернинг сотилиши учун жиддий далиллар етарли бўлганига қарамасдан, энг камида 1867 йили Аляскани сотиб юбориш шарт эмасди, деган фикрга келишган.

"Ўша вақтда АҚШ билан ўртамизда илиқ муносабатлар ўрнатилган эди, Англия билан ҳам тинчликни кафолатловчи битим имзоланганди. Шошилишнинг кераги йўқ эди, лекин биз Шимолий Америкадан кетиб, Қўшма Штатларга улкан стратегик майдон қолдирдик", — дейди Леонид Коритний.

Шимолий Америка қитъасидан кетиш мағлубият эмас, Россиянинг империалистик амбициялари янги йўналишга ўтганини билдирарди. Океан ортидаги мустамлакачилик тажрибасидан кўра Евроосиёда позицияларни мустаҳкамлаш Россиянинг узоқ муддатли стратегиясига мос эди.