Amazon компанияси раҳбари Жеффри Безос 29 март куни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатининг 2-поғонасига кўтарилиб олди. Бундан Bloomberg ахборот агентлигининг охирги баҳолашлари дарак бермоқда. 

Аввалроқ рейтингнинг 2-поғонасини америкалик сармоячи ва Berkshire Hathaway инвестицион холдинги эгаси Уоррен Баффет эгаллаётган эди.

Безоснинг бойлиги охирги кунларда 1,49 млрд долларга кўпайиб, ҳозирда 75,6 млрд долларни ташкил қилмоқда. 29 март кунидаги савдолар вақтида Amazon’нинг бозордаги қиймати 9 млрд долларга ошган. Баффетнинг умумий активлари қиймати эса 74,9 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда, унинг бойлиги охирги 24 соат ичида 809 млн долларга камайган.

Сайёрамизнинг энг бадавлат инсони ҳамон Билл Гейтс бўлиб қолмоқда. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, унинг бойлиги 86 млрд долларни ташкил қилмоқда. 

АҚШнинг Forbes журнали 20 март куни дунёнинг энг бой одамларининг янгиланган рўйхатини чоп этганди. Ушбу рейтингда 1-ўрин Гейтсга, 2-ўрин Баффетга ва 3-ўрин Безосга берилганди.

Безосга Amazon интернет-дўконидан ташқари, Blue Origin компанияси тегишли бўлиб, бу компания "коинотга мунтазам сайёҳлик парвозларини йўлга қўймоқчи" бўлган компаниялардан бири ҳисобланади.