Cadillac автомобилсозлик компанияси 2021 йилгача камида 8 та янги модел ишлаб чиқармоқчи. Бу моделлардан тўрттаси кроссовер бўлади. Бу ҳақда Automobile нашри хабар бермоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, илк иккита янги модел кейинги йилдаёқ пайдо бўлади.  Бу кичик седан ва кроссовер бўлади. Седан ATS моделининг ўрнини эгаллайди ва бозорда Mercedes-Benz CLA билан рақобат қилади. Бу машина олд приводли, охирги авлоддаги Chevrolet Cruze шассисида қурилади.   

Ихчам кроссовер XT3 индекси олади ҳамда General Motors концернининг орқа приводли узайтирилган Alpha шассиси негизида қурилади ва BMW X3’га рақобатчи бўлади.

2019 йилда CTS моделининг ўрнини эгаллайдиган модел ва катта ўлчамдаги XT7 кроссовери чиқади. Кроссовер BMW’нинг энг катта модели X7’га рақобат ташкил қилади. BMW X7 модели 2018-2019 йилларда пайдо бўлиши кутилмоқда. 

2020 йилда "Кадиллак"нинг энг ихчам кроссовери чиқади ва у габарит ўлчамлари бўйича BMW X1 моделига яқин бўлади. Яна бир йилдан кейин бозорга иккинчи авлоддаги XT5 ва янги катта флагман седан CT8 чиқади.