Ўзбекистон компанияси қанча машина сотишни мўлжаллаган? Модел қатори тўлдириладими? Қачон Ravon Gentra савдоларга чиқарилади? Бу ҳақда бош директор Шараф Ашуров "Колёса.ру" нашрига берган интервьюсида тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, ўтган йилда реализация қилинган 1 811 та автомобиль сўнгги 4 ойда сотилган. 50 мингта машинани йил охирига қадар сотиш шунчаки ўйлаб топилмаган, бу таҳлилчиларнинг сонлари экан. Барча кўрсаткичлар жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Россия автомобиль бозорида камида 5 фоизга ўсишдан дарак бермоқда.

Марка моделлари ҳақида тўхталар экан Ашуров шундай деди: “R2 – бу А сегменти модели, АЕВ рақамларига кўра, бу сегментдаги бозорнинг умумий ҳажми йилига 5-5,5 минг автомобилни ташкил этади. Жорий йилда биз бу ҳажмнинг 80 фоизга қадар етишни мўлжаллаганмиз. В-синфида Nexia R3 модели тақдим этилган бўлса, R4 модели В ва С синфлари туташувида жойлашган, уни В+ сегментига қўшиш мумкин. R4 ҳақида гапириш ҳозирча эрта, сабаби бу моделни фақатгина февралда олиб киришни бошладик. Айни дамда В сегментида бизда Nexia R3 модели ўзини яхши кўрсатмоқда. Аста-секинлик билан бу сегментда бозорнинг 30 фоизини эгаллаш ниятидамиз. Gentra моделига келадиган бўлсак, ҳозирча уни олиб кирмадик, бироқ ўтган йили унга яхши талаб кузатилди. Бу моделни июндан етказиб беришни режалаштирганмиз”.

2017 йилда Ravon’нинг 70та янги дилерлик ва сервис марказлари пайдо бўлиши ҳақида маълумотларга эса шундай жавоб қайтарилди: “Биз аввалги брендларимизнинг энг яхши анъаналаридан фойдаланмоқдамиз ҳамда аввал ўзбек автомобиллари бор бўлган позицияларни қайтармоқдамиз. Бизга анъанавий шериклар қайтмоқда”.

Ашуров Россиядаги дилерлик марказлари ҳақида шундай деди: “Айни дамда савдолар кўпроқ Марказий минтақада рўй бермоқда, сабаби айнан шу ерда йирик дилерлик марказлари очилган. Фақатгина Москванинг ўзида бизда бешта дилерлик корхоналари ишламоқда. Бу борада энг истиқболли минтақа эса Сибирь деб ўйлайман. Бизда ҳозирча Поволжье, Саратов вилояти қамраб олинмаган. Шунингдек Краснодар ўлкасида ҳам истиқболлар анча катта”.

Яқин орадаги янгиликлар ҳақида эса шундай фикр билдирилди: “Ишлаб чиқарувчи завод ва умуман бизнинг бренд режаларида модел қаторини кегайтириш бор. Биринчидан, С-синфидаги тўлақонли модель, иккинчидан эса, бизда SUV-B синфидаги автомобиль ҳам пайдо бўлади”.

Шунингдек Ашуров Россияга Captiva ва Orlando моделлари етказиб берилиши мумкинлигини ҳам истисно этмади. “Компаниямиз нафақат Россия, балки МДҲ давлатлари бозорини жиддий тадқиқ қилмоқда. Қандай моделлар бозорнинг қайси сегментларида оммабоп ва талабгир бўлиши юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда”, - деди у.