Исроил ҳукумати БМТнинг яҳудийлар давлатига қарши танқидий сиёсатига норозилик сифатида ташкилот бюджетига тўловларни 2 млн долларга қисқартиради. 

Бош вазир вакили ва ТИВ эълон қилган қарорга БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қабул қилган ҳужжатлар асос бўлган. 

"БМТ ИҲК Исроилга қарши резолюцияларни қабул қилганидан сўнг, Исроил ташкилотга тўлайдиган тўловларидан 2 млн доллар камайтиради", — деб ёзган ҳукумат матбуот котиби Офир Гендельман Twitter саҳифасида. 

Тежаб қолинган маблағлар, унинг сўзларига кўра, "ривожланаётган дўстона мамлакатлар"га тақдим этилади.

Умуман, Исроил БМТга ҳар йили 11 млн доллар аъзолик бадали тўлайди. 

27 март куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 34-сессиясида Фаластин ҳудудларидаги вазият муҳокама қилинди. Ташкилотнинг Фаластин ҳудудларидаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Майкл Линк томонидан тақдим этилган ҳисоботда таъкидланишича, "ноқонуний қўрғонлар барпо этиш йил бошидан бери хавфли равишда олға силжиган".

Унинг сўзларига кўра, жисмоний шахсларга тегишли Фаластин ҳудудларини мусодара қилишга қонуний тус берадиган Исроил қонуни "Исроилни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос келишдан четга чиқаради".

Сессияда манфаатдор томон сифатида иштирок этиши кутилган Исроил кенгашни бойкот қилган, Фаластин томони мажлисда қатнашган.