Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилар чорраҳалардаги камералар қайд этган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилгани тўғрисида маълумот олиши мумкин бўлган махсус сайтни ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун ташкил қилинган брифинг вақтида бошқарма инспектори Алишер Абдуқодиров маълум қилган.

«Ҳайдовчилар сайтда шахсий кабинет очиши мумкин бўлади. Бунинг учун паспорт маълумотлари ҳамда мобил телефон рақами киритилиши талаб этилади. Шахсий кабинетда ҳайдовчи ўзининг қандай турдаги қоида бузгани ва унга белгиланган жарима ҳақида билиб олиши мумкин бўлади», — деган у журналистларга.

Ушбу сайт қачондан иш бошлаши аниқ эмас, унинг очилиши яқин ойларга мўлжалланган.

Қайд қилинган кадрларнинг почта орқали юборилаётган оқ-қора фотосуратлардан фарқли равишда рангли бўлиши кутилмоқда.

Бугунги кунда шаҳардаги 115та чорраҳага ўрнатилган камералар, аввалгидек, одатдаги тартибда ишлаб турибди ва қоидабузарликларни қайд этмоқда.