Қашқадарёлик Зафар Ҳамраев Қарши шаҳар ИИБ ЙҲХБда бўлинма бошлиғи эди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Навбатдаги топшириқни олган майор З.Ҳамраев хонасига кириб, бошлиқ берган ҳужжатларни кўздан кечира бошлади. Унга И.Яхшибоев номига расмийлаштирилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантирувчи талони сохталаштирилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар суриштирув ўтказиш учун топширилганди. Мазкур ҳолатни батафсил ўргангач, ҳужжат эгаси бўлган Илёс Яхшибоев билан суҳбатлашиб, сохта гувоҳнома ва талонни Олим Абдуллаев исмли шахсдан олганини билиб олди. Илёс ҳужжатларнинг сохта эканлигини билмаслигини, Олим унга пул эвазига олиб берганини тушунтириш хатида кўрсатиб ўтди.

Шундан сўнг Олим Абдуллаевни чақиртирган Зафар Ҳамраев унга қилмиши жиноят эканини, бунинг учун тегишли жазо тайинланишини айтди. Қўрқиб кетган Олим унга ёлвора бошлади:

-  Ака, бир иложини қилинг, ёрдам беринг, нима хизмат бўлса тайёрман. Фақат шу ишни ҳал қилайлик.

Унинг ялиниб-ёлворишларини кўрган майорнинг “кўнгли бўшлик” қилди. Стол устида турган оқ қоғозга “5000 АҚШ доллари” деб ёзиб, у томонга аста суриб қўйди. Олим энди сал келиштиринг деб ялинишга ўтди. Идорада бўлиб ўтган “савдо”дан сўнг “хизмат ҳақи” 1100 АҚШ доллари бўлишига келишилди. Шу ернинг ўзида Зафар Ҳамраев 200 АҚШ доллари миқдорида “аванс” ҳам олди.

Эртаси кундан бошлаб Олимнинг телефонига кетма-кет қўнғироқлар бўлаверди. Зафар ҳар гал ундан қолган 900 АҚШ долларини сўраб ҳоли-жонига қўймади. Тоқати тоқ бўлган Олим эса телефонида унинг рақами кўринса қўнғироққа жавоб бермай қўйди.

Нафс етовида илдамлаб бораётган Зафар эса бошқа рақамдан қўнғироқ қилиб:

-  Пулнинг қолганини тез етказиб беринг. Акс ҳолда қамоққа олинасиз, - дея дўқ урди.

-  Бераман, ака, ҳозир онам бетоб эди, шунга харажат кўпайиб кетди. Сиз айтган пулни ҳам тез орада топиб бераман.

Олим шундай деб телефонни ўчириб қўйди-ю, бироз ўйланиб турди. Охири мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берди.

Шундан сўнг Олим Зафарга қўнғироқ қилиб, 900 АҚШ доллари топганини айтди. Келишилган жойда учрашгач, Зафар у берган пулларни олмасдан шошмай туришини айтди. Чеккароқда турган “Ласетти” ҳайдовчисини ёнига чақириб: 

-  Бу киши ҳозир сенга бир нарса беради, ўша омонат машинангда турсин, кейинроқ оламан, - деди.

У йигит Олим берган пулларни олиб кетгач, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тўхтатилди. Исмини Жасур деб таништирган ҳайдовчи бу пулларни Зафар Ҳамраевга бериш учун олганига иқрор бўлди.

Тергов жараёнида Зафар Ҳамраев турли важлар билан ўзини оқлашга уринди. Бироқ гувоҳларнинг сўзлари, экспертиза хулосалари ва бошқа ашёвий далиллар унинг айбини тасдиқлади.