Заҳро дугонаси Иринага кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олмоқчи эканлигини айтди. Ирина кўп ўтмай Заҳрога телефон қилиб, сотиладиган арзон уй чиқиб қолганини айтиб чақирди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Заҳро дарҳол Иринанинг уйига етиб келди. Бу ерда яна икки аёл бор экан. Ирина ёшроғини Шоира, ёши олтмишларга бориб қолганини Раҳимахон деб таништирди.

-  Гагарин кўчасида сотиладиган арзон уй бор, - дея виқор билан оҳиста сўз бошлади Раҳима. – Арзонлигининг сабаби шуки, хонадон шаҳар ҳокимлиги балансида турибди. Ҳокимликда бизнинг танишимиз бор. Агар сиз билан келишолсак, ўша танишимиз сизнинг номингизга керакли ҳужжатларни тўплаб, уйга эгалик ҳуқуқи тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарорини чиқариб беради. Албатта, қуруққа эмас. Асосий пул ўшанга берилади. Ўша одам бизни чақириб, “Шундай арзон уй бегонага кетмасин. Ишончли, оғзи маҳкам харидор топинглар” деган. Мана хизмат телефон рақами, хоҳласангиз текшириб кўринг, шаҳар ҳокимлигининг телефони. Икки-учта харидор бору, Ирина сизни тавсия қилиб туриб олди. Ўйлаб кўринг!

-  Уйни кўрсам бўладими? – деди Заҳро иккиланиб.

-  Албатта. Қани кетдик. Қуруқ гапдан кўра, уйни кўриб гаплашганимиз яхши, - деди Раҳима.

Улар айтилган хонадонга келишди. Уй Заҳрога маъқул бўлди. Шу ернинг ўзида савдолашиб, 30 минг АҚШ долларига келишилди. Кейин яна Иринанинг уйига қайтиб келишди.

-  Сизга ишониб бошқа харидорлар билан гаплашмаймиз. Савдомиз қуруқ гап бўлмаслиги ва ҳужжатларни йиғишни бошлаш учун озроқ пул беринг. Барибир бериладиган бўлгандан кейин тез-тез қутулганингиз яхши-ку, тўғрими? – деди Раҳима сўзамоллик қилиб.

Заҳрога унинг гапи жўяли туюлди. Пулни тезроқ берса, уйни тезроқ оладигандек, 6 минг АҚШ долларини санаб берди. Раҳима ҳам пул олганлиги тўғрисида чиройли қилиб тилхат ёзди. Тилхатга Шоира ва Ирина ҳам имзо чекишди. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас Заҳрога қўнғироқ бўлди:

-  Уй ҳужжатларини расмийлаштиришга яна пул керак бўлаяпти. Имзо қўйиши керак бўлган бошлиқларнинг ҳар бир умидвор бўлаяпти. Пул бўлса, шартта-шартта оғзига уриб, ҳужжатларни тез тайёрлаймиз. Икки-уч ойда уй сизники бўлади...

Кўришишди. Заҳро яна 3 минг АҚШ доллари санаб берди. Шоира ва Раҳима пулни олиб, жамжимадор тилхат ёзиб беришди.

Орадан бир ойлар ўтиб, тоқати тоқ бўлиб юрган Заҳрога узоқ кутилган қўнғироқ бўлди.

-  Ҳамма ҳужжатлар тайёр бўлди. Бир кўришайлик, - деди Раҳима.

Заҳро Иринанинг уйига етиб борди. Яхши кайфиятда ўтирган Раҳима у билан қучоқлашиб кўришди. Табриклади.

-  Бир қадам қолди, охирги қадам. Ҳужжатлар тайёрланиб, барча тегишли идораларда тасдиқланди, - деди Раҳима ишонч билан. – Фақат сизнинг номингизга ҳокимнинг эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги қарори чиқса бўлди. Қарор лойиҳаси ҳам тайёрлаб қўйилган, имзога киритилиши қолди. Сиз қолган пулни берсангиз, мен кечқурун ҳокимиятдаги “катта”мизга бераман. Қарабсизки, бугун кечаси ёки эртага қарор имзога киритилади.

Раҳима ҳокимият иш жараёни, тартиб-қоидалар ҳақида шунчалик моҳирона гапирардики, Заҳро заррача шубҳага бормади. Қайтага қувониб кетди. Дунёда шундай яхши, уддабурон одамлар борлигидан кўнгли кўтарилди. Дарҳол уйига бориб пул олиб келди ва 21 минг АҚШ долларини мамнуният билан санаб Иринага берди. Ирина ҳам бир марта санаб Раҳимага узатди. Яна тилхат ёзилди, имзо қўйилди. Кейин яна бир-бирларини табриклашди, раҳматлар айтилди.

Заҳро бир-икки кун янги уй хаёли билан яшади, қандай таъмирлаш, қанақа жиҳозлар олишни режалаштирди. Бироқ, икки кун, уч кун, ...беш кун, ...ўн кун, ...бир ой ўтди ҳамки, қарордан дарак бўлмади.

Заҳро Раҳимага қўнғироқ қилишдан чарчамади. Ҳар сафар Раҳима шундай чиройли, ишончли гапирардики, яна Заҳронинг кўнглида умид учқунлари алангаланарди, шундан яхши одамдан шубҳаланганига уялиб кетарди. Бироқ, вақт ўтгани сайин умид учқунлари сўниб, кулга айланди. Ҳаммасини тушуниб етган Заҳро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фирибгарлар устидан ариза билан мурожаат қилди.

Суд Раҳима Кубаевани олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиб, мазкур фирибгарлик иши бўйича ашёвий далил бўлган 30 минг АҚШ доллари жабрланувчи, яъни Заҳро томонидан била туриб, пора сифатида берилганлиги учун амалдаги қонунчиликка кўра давлат фойдасига ундириладиган бўлди.