КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг катта акаси Ким Чен Намнинг жасади Шимолий Кореяга унинг қариндошлари мурожаатига мувофиқ топширилади. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ маълум қилди.

"Жасадни ёриб кўриш жараёни якунлангани ва қариндошлардан тегишли ёзма мурожаат келиб тушгани туфайли биз жасадни Шимолий Кореяга юборамиз", - дея таъкидлаб ўтди Раззоқ. Унинг хабар беришича, Малайзиянинг Пхеньяндаги элчихонаси тўққиз ходими эндиликда ватанларига қайтиши мумкин.

Бунга жавоб ҳаракати тариқасида КХРДнинг Ким Чен Нам ўлимида гумонланаётган икки фуқаросига Малайзия пойтахтини тарк этишга рухсат берилди. Малайзия ОАВ хабарига кўра, улар пайшанба куни Пекинга учиб кетишган. Айнан шу самолёт орқали Хитой пойтахтига Ким Чен Намнинг жасади кейинчалик Пхеньянга топшириш учун етказилади.

Шунингдек Нажиб Раззоқнинг таъкидлашича, КХДР билан муносабатлардаги дипломатик можаро якунланган.