Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп учрашуви томонларга қулай бўлган вақтда бўлиб ўтади, деб айтди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Путин ва Трамп АҚШдаги сайловлардан кейин телефон орқали мулоқот қилишган. "Улар яхши суҳбатлашишганди, муносабатларимиздаги асосий муаммолар ва албатта, халқаро муаммоларни муҳокама қилишган. Улар келгусида ҳам алоқада бўлишга келишиб олгандилар", деб айтган Лавров The National Interest журналига берган интервьюсида.

Лавров икки давлат президентлари Трамп ўз лавозимига киришгач яна бир маротаба телефон орқали суҳбатлашганини эслатиб ўтди. 

"Улар биз жаноб Рекс Тиллерсон (АҚШ давлат котиби) билан кун тартибида турган масалаларни ҳамда икки давлат ва икки етакчи учун қулай бўлган вақтда бўлиб ўтадиган президентлар учрашувига тайёргарлик масаласини батафсил муҳокама қилишимизга келишиб олишган", деб таъкидлаб ўтди Лавров.

Аввалроқ Путин ва Трамп июлда Гамбургда ўтадиган G20 саммитида учрашишлари мумкинлиги маълум қилинганди. Бироқ ушбу масала бўйича аниқ келишувлар бўлмаган.