Германияда апрель ойининг бошида Кибернетик ва информацион қўмондонлик пункти ишга тушади, дея хабар бермоқда Reuters.

Янги структура Бонн шаҳрида жойлашади. Унинг бошланғич иш ўрни 260 кишидан иборат бўлади, лекин июль ойининг сўнгига қадар стратегик ҳарбий разведка ва алоқа марказлари ҳам таркибга жалб қилиниб, ходимлар 13,5 минг кишига етказилади.  2021 йилга бориб хизматда ишлаётганлар сони 14,5 минг кишига етади, уларнинг 1,5 минги шартнома асосида ишловчи фуқаролар учун захира қилинади. 

ГФР мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен хоним янги киберқумондонлик раҳбари исмини ҳам ошкор қилди — генерал-лейтенант Людвиг Ляйнхос ушбу мансабга тайинланади.

Агентликнинг қайд этишича, структура НАТО ва Германияни киберҳужумлардан асрашни энг устувор вазифа қилиб белгилаган канцлер Ангела Меркель қарорлари бажариш юзасидан ташкил этилади. Асосий душман сифатида Берлиннинг эътирофига кўра тарғибот ва бўҳтон хабарлар ёрдамида немис жамиятини издан чиқаришга уринаётган Россия кўрилмоқда. 

7 январь куни ГФР конституциясини ҳимоя қилиш федерал идораси 2016 йил декабрида ЕХҲТга киберҳужум уюштиришда "рус ҳакерлари" излари борлигини маълум қилганди. Идора раҳбари Ҳанс-Георг Маассеннинг сўзларига кўра, экспертларда Россия билан боғлиқ АРТ 28 (баъзи ўринларда Fancy Bears) деб аталувчи гуруҳнинг алоқадорлигини исботловчи далиллар мавжуд.