Италиялик дизайнер Антонио Вьетри 24 қиротли олтиндан туфли яратди. У ишлатган олтин соф олтин бўлиб, 999-пробага мос келади.

Туфли қора ва кўк замшдан ҳамда чарм билан тикиб чиқилган олтин пластинкали элементлардан яратилган. Олтин элементлар безак эмас, балки пойафзалнинг асосий қисми сифатида қўлланган, деб хабар бермоқда Local нашри.

Дизайнернинг айтишича, у ўзининг Туриндаги устахонасида бу туфлини яратиш устида кўп изланиш олиб борган. Мижозлар олтиндан ясалган туфлида юришлари қулай бўлиши учун олтиннинг қаттиқлиги ва туфли чармининг қайишқоқлиги ўртасида тўғри нисбатни топиш катта машаққат талаб қилган. 

Ҳар жуфт туфлида 230 грамм олтин бор бўлиб, туфли мижознинг товонларини 3D-сканерлаш технологияси ёрдамида буюртма бўйича тайёрланади.

Эркаклар учун мўлжалланган олтин туфлини 25 минг евродан харид қилиш мумкин. Аёллар туфлиси эса сотувда кейинроқ 30 минг евродан пайдо бўлади. Мижоз ўз буюртмасини қора лакланган қутида олади. Яна бир эътиборли жиҳати, туфли ўз эгасига вертолётда етказилади. 

Бу антиқа туфлиларга Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа давлатларидан бадавлат одамлар асосий харидорлар бўлиши тахмин қилинмоқда.