Россияда дунёдаги илк фуқаролик атом сув ости кемаси қурилади. Бу кема қурилиши лойиҳаси Арктикани ўрганиш бўйича тадбирлар мажмуасидан ўрин олган. Лойиҳани амалга ошириш билан Истиқболли тадқиқотлар жамғармаси шуғулланади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Сейсморазведка учун мўлжалланган сув ости кемаси "Рубин" конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Бу фуқаролик атом сув ости кемаси бўлиб, у сейсморазведка, фойдали қазилмаларни излашни таъминлайдиган роботлаштирилган мажмуалар, автоном ишловчи сув ости қурилмалари билан жиҳозланган. 

Бошқа жиҳатлари бўйича ушбу кема қолган сув ости кемаларидан унча фарқ қилмайди. Кеманинг узунлиги 135,5 метр, эни 14,4 метрни, тезлиги 12,6 узелни, максимал шўнғиш чуқурлиги 400 метрни ташкил қилади. 

Таъкидланишича, сув ости кемаси 90 кунгача автоном сузишда бўла олади ва ўз ичига 40 кишилик экипажни сиғдира олади. 

Кеманинг қуриб битказилиши муддатлари номаълум, ҳозирда уни лойиҳалаш ишлари якунланмоқда.

Россиянинг давлат ташкилотлари ва йирик корпорациялари 2013 йилдан бери фойдали қазилмалар топиш мақсадида Арктикани тадқиқ қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Экстремал шароитларда ишлаш учун махсус бурғиловчи роботларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, олимлар Арктикани ўзлаштириш учун бошқарувчисиз роботлаштирилган мажмуаларни яратишни таклиф қилмоқдалар. Бу лойиҳалар 5 йил ичида амалга оширилиши тахмин қилинмоқда.