29 март куни Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus смартфонлари расман тақдим этилди. Аммо, айтиш жоизки, бу телефон ҳақида унинг тақдимотидан аввал, барчаси маълум эди. Корея компаниясининг янги флагманига доир фотосуратлар, видеолар туфайли унинг техник тавсифлари, ташқи кўриниши ва нархига доир маълумотлар фош бўлиб улгурганди. 

Шунга қарамай, S8 жуфтлиги йилнинг асосий кутилган смартфонлари ҳисобланади. Тақдимотдан сўнг, уларга доир айрим маълумотларга аниқлик киритилди, баъзи янги хусусиятлари маълум бўлди. 

Демак, танишамиз, Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus смартфонлари!

Телефоннинг энг кўзга ташланган қисми ҳисобланувчи экранига янгича услубда ёндашилган. Унинг чегараси имкон қадар қисқартирилган. 

Galaxy S8 смартфони 18,5:9 нисбатдаги 5,8-дюймли экран билан келажак телефони бўлишга даъвогардир. У анча чўзиқ бўлиб, телефоннинг олд юзасини деярли тўлиқ эгаллайди. Албатта, 18:9 нисбатдаги LG G6 смартфони бирмунча олдин чиқди. Бироқ, Samsung чиройлироқ кўринади. LG телефонида ён ромчалари бўлиб, экрани силлиқ юзали бўлса, Samsung экранларининг четлари Galaxy S7 edge каби эгикдир. Шу билан бирга, иккала S8 смартфонларининг экранлари эгилган ҳолда ишлаб чиқарилган. Ясси экранли смартфонлар А-сериясида ишлаб чиқарилади. 

Шу билан бирга, янги смартфондан фойдаланиш бирмунча ноқулайдек. Смартфон ромлари бўлмагани сабабли интерфейсдаги иловаларга тегиб кетиш ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, битта бармоқ билан ишлатиш имконсиз. 5,8 дюймли Galaxy S8 ундан бирмунча кичикроқ S7га ўхшаш туюлади, аммо икки қўлдан фойдаланиш қулайроқдир. Шундай бўлса-да, телефон жуда самарали экани унинг бу каби камчилигига кўз юмишга асос бўла олади. 

Ишонасизми, энди сиз экран ўлчамини танлай оласиз!

 

Телефон матрицаси 1440х2960 нуқтали ўлчамга эга бўлса ҳам созлама орқали 2220х1080 ёки 1480х720 ўлчамдан истагангизни танлаш имкони мавжуд. Иловалар, графика элементлари шу ўлчамда акс этади. Бу эса, телефон батареяси қувватини тежашда қўл келади. Шу билан 3000 мА*с (S8 Plus телефонида 3500 мА*с) аккумулятор бир ярим икки кун ишлай олади. 

Full HD+ ўлчамида Super AMOLED-матрицаси бирмунча сезилади, шунга кўра, HD+ ўлчамидан фойдаланиш унчалик ҳам хуш ёқиши даргумон. 

АҚШ, Европада Qualcomm Snapdragon 835, МДҲда Exynos

Суперсамарали Qualcomm Snapdragon 835 процессори Америка ва Европада сотиладиган Galaxy S8 телефонларида бўлади. Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида расман компания томонидан ишлаб чиқариладиган Exynos 8895 процессори ўрнатилган телефонлар сотилади. Буни яхши ёки ёмон деб бўлмайди. Албатта, Snapdragon 835 процессорини ҳам Samsung ишлаб чиқаради. Бироқ, чипларнинг ишлаш самарадорлиги деярли бир хил. Айрим ҳолларда Exynos процессорининг устун тарафлари йўқ эмас. Иккисининг ҳам техник жараёни 10 нм деб белгиланган. 821-Snapdragon асосидаги ўтган авлод флагманлари Galaxy S8 олдида унчалик эътиборни тортмайди, десак хато қилмаган бўламиз. 

Яхши, аммо 2та эмас

Сўнгги вақтларда, смартфонларни иккита асосий камера билан жиҳозлаш, кенг бурчакли суратга олиш, оптик яқинлаштиргичларнинг турли хиллари ва бошқа қизиқ хусусиятлар урфга кираётган бир вақтда кореяликлар якка модулли камерани маъқул кўришган. Шунга кўра, S8 аниқ-тиниқ зум қила олди, дея олмаймиз. 

Бироқ, таъкидлаш жоизки, иккиталик камеранинг йўқлиги S7/S7 edge телефонларининг 2016 йилдаги энг яхши смартфонлар бўлишига халақит қилмади. Шунга кўра, биринчи навбатда сифат туришини эътибордан четга чиқармаслик жоиз. F1.7 ёруғлик кучига эга модуль ва Корея компаниясига хос дастурий таъминот камерада мўъжизалар тақдим этади. Унинг камераси LG G6 смартфонининг иккиталик камерасидан минг чандон яхши. 

Бармоқ излари сканери ғаройиб жойлаштирилган

Экраннинг кенгайиши бармоқ изи сканерини орқа томонга ўтказишга олиб келди. Huawei, LG ва бошқа шу каби телефонлар эгалари аллақачон сканернинг телефон орқа корпусида жойлашганига ўрганиб қолишган. Samsung фойдаланувчилари ҳам кўникишларига тўғри келади.

Аммо, сканернинг жойлашган ўрни борасида саволлар туғилиши табиий. У корпус ўртасида эмас, камеранинг ёнидан ўрин олган. Бу ҳолатда бармоғингизни сканер ўрнига камерага тез-тез текказишингиз эҳтимоли жуда юқори. 

IP68 стандарти бўйича намликка чидамлилик

Янги флагман телефонларда сувдан ҳимоя сақлаб қолинган, бу телефон харидорларига яна бир қулайлик ва бехавотирликни тақдим этади. Гарчи, ишлаб чиқарувчи телефонни қасддан чўмилтирмасликни тавсия қилса-да, кўпчилик буни синаб кўришга улгуришган. Шунга қарамай, Galaxy S7 жуфтлиги ва янги А-серияли телефонларининг сувга чидамсизлиги юзасидан оммавий мурожаатлар бўлганича йўқ. Шунга биноан, S8 ҳам бу борада мақтаса арзигулик бўлишига шубҳа қилмаймиз. 

Хотираси кўп, аммо оператив хотира унчалик эмас

МДҲга 64 Гблик ички хотирага эга смартфонлар етказиб берилади. Бу эса, S7 давридан бери икки карра кўпайтирилганини англатади. Барча намуналарида 4 Гб оператив хотира унчалик ҳам етарли эмасдек. 

Bixby: тугмачали ёрдамчи

Овозли ёрдамчига жиддий эътибор берилганини унинг махсус тугма тақдим этилгани ҳам исботлайди. Телефоннинг чап ёнида мазкур тугма жойлаштирилган. 

Ҳар кимнинг кўнглини топишга уриниш - ранглар хилма-хиллиги

Янги смартфонлар, шунингдек, бир неча хил рангларда ишлаб чиқарилади. Агар, кўпгина ишлаб чиқарувчилар тус борасида босқичма-босқичликни маъқул кўрган бўлса, Samsung барчасини бошланишидаёқ ҳал этишга ҳаракат қилган. Маржон тусли, мовий, кулранг-сиёҳранг аралашмали кабилар шулар жумласидан. Албатта, анъанавий қора-оқлар ёддан кўтарилмаган. Аммо, оқрангли смартфон бироз беўхшов кўринади.

Кутилганидан арзонроқ

Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus тегишли равишда 960 ҳамда 1050 доллардан сотилиши айтилмоқда. Бунда S8 нархи LG G6 смартфони билан таққослаганда ўзини оқлайди, дейиш мумкин. Чунки, сиз нафақат янги экран, балки янги процессор, камера модулига ҳам ҳақ тўлайсиз. 

Мана, смартфонни юзаки кўриб ҳам чиқдик. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сўнгги вақтларда смартфонни ўзгартириш учун жиддийроқ сабаб топилмаётган бир вақтда 
Samsung (ва LG ҳам албатта) имконсиздек туюлган нарсани юзага чиқаришди. Улар смартфонни янгисига алмаштириш сабабини тақдим этмоқда. Тўғри, менга ҳозирги телефоним ҳам яхши дейишингиз мумкин. Аммо, Galaxy S8 ҳақиқатдан ҳам қўлингизда ажойиб кўринади.