«Арсенал» ҳужумчиси Алексис Санчес қандай шарт эвазига Лондонда қолиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бундан олдинроқ ушбу чилилик футболчи молиявий масалаларда келиша олмаётгани туфайли шартномасини узайтирмаётгани айтилганди. Унга эндиликда «Манчестер Сити», «ПСЖ», «Ювентус», ва «Бавария» қаторида «Челси» клубидан ҳам қизиқиш пайдо бўлган.

«Мен Лондонда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан ва «Арсенал» билан шартномамни охиригача ишлаш ниятидаман. Шу шаҳарда ўйнашда давом этиб, совринлар ютишни истайман. Мен ўз олдига катта мақсадлар қўядиган жамоада ҳаракат қилмоқчиман. Ёшим 28да ва ҳали ҳаммаси олдинда. Мен ўз организмим ҳақида қайғуришни ҳеч қачон ёддан чиқармайман. Умид қиламанки, «Арсенал» билан ҳам совринларга эга чиқаман», - дея Алексиснинг сўзларини келтиради Metro.

Жорий мавсумда ушбу футболчи жамоанинг барча турнирлари доирасида 38 учрашув ўтказиб, 22 гол урди ҳамда 18 голга узатма берди. Transfermarkt.de портали футболчининг трансфер қийматини 65 млн еврога баҳолаган. Алексиснинг «Арсенал» билан шартномаси 2018 йилнинг ёзига қадар имзоланган.