Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном доираси ҳукумати 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жамоат жойларида ҳаддан зиёд соқол ўстириб юриш ва юзни ёпиб турувчи мусулмон аёллар рўмолларини ўрашни тақиқлайди. Reuters агентлигининг хабар беришича, депутатлар экстремизм билан курашиш мақсадида ушбу қонунни қабул қилишган. 

Фармонга кўра, давлат хизматчилари ва хусусий компаниялар ходимлари соқол ўстирувчи ва рўмол ўровчи танишларини улардан воз кечишга "кўндиришлари" керак. 

Шунингдек "телевизор кўриш, радио ва бошқа давлат ахборот хизматларини эшитиш ҳамда ОАВни кузатишдан воз кечиш" ҳам қонун билан тақиқланади. Бундан ташқари, аҳолига мусулмон урф-одатларга кўра никоҳ маросимларини ўтказиш ва "инсонларнинг ижтимоий ҳаётига аралашиш учун ислом оламидаги муқаддас авлиёларнинг номини қўллаш"га нисбатан тақиқлов жорий қилинди. 

Нашрда таъкидланишича, Шинжон-Уйғур автоном туманида асосан ислом динига эътиқод қилувчи туркийзабон аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги вақтларда аҳолининг ташқи кўринишида мусулмонларга хос бўлган жиҳатлар (рўмол ўраш, соқол ўстириш) яққол кўзга ташалана бошлаган. Маҳаллий ҳукумат автоном ҳудуд аҳолиси шу йўл билан Пекин сиёсатига қўшилмаслигини ифодаламоқда, деб ҳисоблайди.