Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги парламент делегацияси Грузияга ташриф буюрди. Бу ташрифдан кўзланган мақсад нима? Ўзбекистон учун Грузия нимаси билан қизиқ? Таниқли ўзбек иқтисодчиси Бахтиёр Эргашев EADaily мухбирининг қатор долзарб саволларига жавоб қайтарди.

«Грузияга қадар ўзбек парламенти делегацияси Озарбойжонга ҳам борди. Бу давлат раҳбарияти билан жиддий суҳбат бўлди. Гап Кавказ транспорт йўлаги ҳақида бормоқда. Тбилисига ташриф эса делегация катта сафарининг бир қисми», - дейди Эргашев.

Шунингдек Эргашевнинг сўзларига кўра, Бокуда ҳам, Тбилисида ҳам кўплаб масалалар муҳокама қилинмоқда. Бироқ энг асосий мавзу Ўзбекистон, Озарбойжон ва Грузия ўртасида транспорт-коммуникация ҳамкорлигини йўлга қўйиш экан. 

Бундан ташқари, Бахтиёр Эргашевнинг маълум қилишича, Бокудаги музокараларнинг энг асосий якуний ҳужжати баённома бўлади. Айни дамда Боку-Тбилиси-Карс темир йўлини қуриш бўйича ишлар якунланмоқда. Бу йўл Бокудан Грузия орқали Туркияга чиқиш имконини беради, кейинчалик бу давлат орқали Ўрта ер денгизидаги Мерсин портига чиқиш мумкин. Бу эса – Ўрта ва Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Европа давлатлари билан савдо алоқаларидан дарак беради. 

Шу тариқа, бу делегациянинг ташрифи, имзоланадиган баённомалар Ўзбекистондан Мерсин портига қадар юкларни тўғридан-тўғри етказиб беришга хизмат қилиши мумкин экан.

Йўналишнинг барча давлатларида тарифлар бир хил бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, жаноб Эргашев шундай деди: “Гап ҳозирча БТК (яъни Озарбойжон, Грузия, Туркия) йўналишидаги очиқ тарифлар ҳақида бормоқда. Худди шундай тарифни қўллаш ҳақидаги масала Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ҳам муҳокама қилинмоқда. Агарда бу масалада келишувга эришилса, Ўзбекистондан Туркияга қадар бўлган ягона очиқ тарифга эга бўламиз”.

Бахтиёр Эргашевнинг айтишича, бу транспорт харажатларини камайтириш, юклар ўтиш тезлигининг ошиши, бу йўналиш бўйлаб юклар олиб ўтилиши қийматини пасайтириш имконини беради. ТРАСЕКА ғояси – Туркия-Кавказ-Туркманистон-Ўзбекистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон транспорт йўлаги ҳақиқатдан ҳам қуриладиган бўлса, ўзининг мантиқий давомига эга бўлади. 

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон учун барча йўналишларда транспорт йўлакларини ташкил этиш, бу иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим масала. 

Эргашев Ўзбекистоннинг импорт ўрнини тўлдириш сиёсати ҳақида гапирар экан, шундай деди: “Ўзбекистон йўлларни ёпгани йўқ, балки жуда кучли тариф-божхона режимини киритганди. Масалан, автомобилларга тарифлар – 100 фоиздан кўпроқ. Бу ҳолат фақатгина Ўзбекистон ва Ҳиндистонда. Бу ўз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинди. Бироқ транспорт лойиҳалари амалга оширилса, бу импорт ўрнини тўлдириш сиёсатига таъсир кўрсатмайди. Транзит давлати бўлиш ва ўзининг коммуникация йўллари очиш мумкин, бироқ шу билан бирга, жуда кучли тариф-божхона режимини сақлаб қолишнинг ҳам иложи бор. Ўрта муддатли истиқболда бундай схема сақлаб қолинади. Бироқ ҳеч ким фақатгина транзит давлати бўлиб қолишни истамайди. Ўзбекистонда янги саноат ишлаб чиқаришларни ташкил этишга йўналтирилган жуда кучли саноат сиёсати бор. Саноат маҳсулотларига эса уни ўтказиш бозорлари керак. Албатта, яқин орада товар йўлидаги божхона-тариф тўсиқлари даражаси аста-секин пасайишини кўришимиз мумкин”.

Ўзбекистон жаҳон бозорига қандай товарларни таклиф қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга эса шундай жавоб қайтарилди: “Асосий позиция табиий газни экспорт қилишга тегишли. Ўзбекистон пахта, уран, рангли металлар, цемент каби маҳсулотларни ҳам катта миқдорда экспорт қилмоқда. Яъни бундай товарлар турлари аллақачон ташкил этилган ва уни ўзгартириш қийин. Мева-сабзавот маҳсулоти ҳам доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиб қолади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон экспортида автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улуши кўпаймоқда. Ҳозирда бу тузилмани диверсификация қилиш вазифаси турибди. Бу биринчи навбатда тайёр текстиль ҳисобидан қилиниши мумкин. Пахта ёки йигирилган ипни эмас, балки тайёр трикотажни сотиш. Бу товар билан аввалига Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари бозорларига чиқиш керак. Ўзбекистон фармацевтика саноати билан жиддий шуғуллана бошлади ва бундай маҳсулотлар ҳам умумий экспортда кўпайтирилиб борилади. 

Эргашев айирбошлаш курсларини бир хил қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш масалаларида шундай деган: “Бу масала доимий ва мен айтмоқчиманки, яқин истиқболда алмаштириш курсини бир хил қилиш ва тўла конвертацияни киритиш масаласи объектив иқтисодий жараёнлар туфайли ҳал қилинмайди – экспорт барча позициялар бўйича кучли камайди, асосий экспорт товарлари нархлари тушиб кетиши қайд этилди, валюта тушумининг пасайиши кузатилмоқда. Бундай шароитларда эркин конвертацияни киритиш - бу шунчаки ўз жонига қасд қилиш. Бироқ, ҳукумат кичик чекловларни бекор қила бошлади, улар аслида бизнес самарадорлиги ва иқтисодий иқлимга жиддий равишда таъсир кўрсатади. Масалан, экспортчилар томонидан мажбурий валюта тушумини сотиш барча тушумнинг 50 фоизига тенг эди. Ҳозирча уни 25 фоизга қадар пасайтиришди. Ишбилармонларга бу қўл келди. Мамлакат ичида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида валютада ҳисоб-китоблар қилиш анча енгиллаштирилди".