Тошкент шаҳри милицияси фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш, фоҳишалик билан шуғулланишнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказишда давом этди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ўтказган брифингда маълум қилинишича, 22-30 март кунлари давомида Тошкент шаҳрида 9та фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш жиноятлари аниқланган.

Бундан ташқари, фоҳишалик билан шуғулланиб келаётган 24 нафар шахс қўлга олинган.

Қайд этилишича, март ойида, ўтган икки ҳафта давомида ўтказилган тадбирлар натижасида Тошкентда қўлга олинган фоҳишалар сони 60 нафардан ортди.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси тартибида жиноят ишлари қўзғатилган. Бу моддага кўра, фоҳишахона очиш ёки сақлаш, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда, такроран, хавфли рецидивист ёки ушбу Кодекснинг 135 ёки 137-моддаларида назарда тутилган жиноятларни илгари содир этган шахс томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 6 ойгача қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумот учун, энг кам ойлик иш ҳақи миқдори - 149 775 сўм.