Тошкент шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий террорчиликка қарши тузилмаси Кенгашининг ўттизинчи йиғилиши пайшанба куни бўлиб ўтади. Унда экстремистик йўналишдаги диний оқимлар фаолиятига қарши курашиш бўйича қўшма чоралар муҳокама қилинади.

"ШҲТ аъзо-давлатлари тегишли идораларининг экстремистик йўналишдаги диний оқимлар фаолияти туфайли келиб чиқувчи чақириқ ва хавфларга қарши ҳаракат қилиш бўйича қўшма чоралар ҳақида келишиб олиш таклиф этилмоқда", - дея хабар беришди ШҲТ МТҚТда журналистларга.

Кун тартибида шунингдек ШҲТ давлатларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизм билан кураш бўйича ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини ташкил этиш масалалари ҳам бор.

Йиғилишда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этади. 

Маълумот учун, 2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон киради. 2016 йилнинг июнидаги Тошкент саммитида ташкилотга Ҳиндистон ва Покистоннинг қабул қилиниши ҳақида меморандумлар имзоланди. Айни дамда Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ШҲТ кузатувчи-давлатлари саналса, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка – шерик-мамлакатлар ҳисобланади. Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Тошкент шаҳридадир.