Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида экспортни рағбатлантириш ва маҳаллий товарларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлилигини таъминлашга қаратилган лойиҳа жойлаштирилди.

Norma.uz нашрида аниқлик киритилишича, жорий йилнинг 1 май кунидан эътиборан қуйидагилар таклиф қилинмоқда:

1) Товарлар (бундан янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотлари мустасно), ишлар ва хизматларни хорижий валютага олдиндан ҳақ тўламасдан ва банк аккредитиви очмасдан, банк кафолатисиз ва экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурталаш полисисиз экспорт қилиш. Бунинг учун экспорт контрактининг жами суммаси эквивалентда 100 минг АҚШ долларидан ошмаслиги, валюта тушуми эса  товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақиқатда экспорт қилинган кундан бошлаб 60 кун мобайнида тушиши керак.
 
Кўрсатилган шартларда кейинги экспортга фақат илгари экспорт қилинган товарлар бўйича дебиторлик қарзи қопланиб, муддати ўтган дебиторлик қарзига йўл қўйган экспортёр ташкилот раҳбари жавобгарликка тортилгандан сўнг йўл қўйилади.
 
2) Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармонига 4-иловада кўрсатилган предметлар ва маҳсулотларни экспорт қилишни фақат Ҳукумат қарорлари бўйича амалга ошириш (айни пайтда уларни экспорт қилиш Президент ёки Ҳукумат қарорларига кўра айрим истисноларни  ҳисобга олган ҳолда тақиқланган).
 
Илованинг ўзига вольфрам руда ва концентрати (ТИФ ТН бўйича коди: 2611000000) киритилмоқда. Қолган 12 номланиш дастлабки таҳрирда қолаётир.
 
Лойиҳа муҳокама босқичида бўлиб, у ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.