2017 йил 29 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимовнинг Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, таълим вазири Ли Жун Сик раҳбарлигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида Ли Жун Сик Корея Республикаси бир вақтлар жаҳондаги иқтисодий жиҳатдан ривожланмаган мамлакатлар қаторида турганини қайд этиб ўтди. Кейинчалик Корея Республикасининг иқтисодий тараққиёти таълим ва фан ривожига асосланган эди. Ўзбекистон ҳам шундай йўл тутдики, бу йўл ҳам ижобий натижаларга олиб келишини ишонч билан айтиш мумкинлигини таъкидлаб ўтди Бош вазир ўринбосари.

Учрашувда олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Маълумки, 2014 йилдан буён Тошкент шаҳридаги Инха университети ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, у ерда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун етук кадрлар тайёрланмоқда.

Томонлар қайд этишдики, олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни миллий тилларни – Корея Республикасида ўзбек тилини, Ўзбекистонда корейс тилини ўрганиш масаласидан холи тасаввур қилиб бўлмайди. Бир-биримизнинг тилимизни ўрганиш мамлакатлар ўртасидаги нафақат маданий-гуманитар соҳада, балки савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг ҳам ривожланишида асосий омили ҳисобланади.

Маълумки, Ханкук хорижий тиллар университетида, Ханшин университетида ва Пусан университетида ўзбек тили ўрганилади. Ўзбек тилини ўрганаётган Корея Республикаси фуқаролари стажировка ўтиш учун мунтазам равишда Ўзбекистонга ташриф буюришади. Бу соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ.   

Тадбирда вазир ўринбосари М.Каримов, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ё.Эргашев, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти, Тошкент шаҳридаги Инха университети ректорлари ҳам иштирок этишди.