29 март куни Жанубий-Урал савдо-саноат палатасида ташриф доирасида жанубий ураллик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар бизнес музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

Наманган вилояти бизнеси вакиллари билан учрашувда Жанубий Уралнинг фаолиятнинг турли соҳаларидаги 50 компанияси раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Жанубий-Урал савдо-саноат палатаси президенти Федор Дегтярев шундай деди: «Бугун форум доирасида ўтказилган бизнес музокаралар натижалари бўйича республикада бизнинг тракторларимизни йиғиш бўйича ишлаб чиқаришни очиш, Тошкент аэропорти учун радионавигация қурилмасини етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Челябинск вилоятининг олти корхонаси Ўзбекистон элчихонасининг энергетика соҳасидаги «яшил» технологияларни етказиб бериш мурожаатига жавоб қайтаришди».

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаровнинг таъкидлашича, Россия ва Ўзбекистон нафақат йирик корхоналар, балки кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирокидаги ҳамкорлик бўйича катта истиқболга эгалар.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан бўлган компаниялар жанубий ураллик тадбиркорлар билан ташқи савдо айланмасини ошириш, сармоялар жалб этиш, қўшма бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қалин алоқаларни йўлга қўйиш ниятида.

Ҳоким Наманган вилоятининг сифатли тикув ва мева-сабзавот маҳсулотини ишлаб чиқариш бўйича имконияти ҳақида маълумот берди.

«Албатта, тадбир икки томонлама тенг ҳуқуқлилик, ўзаро тушуниш ва ишонч принципларига асосланган муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади», - дея айтиб ўтди Хайрулло Бозаров.