Эртага 1 апрель куни Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 5-туридан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers жамоаси Тошкентда Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси боксчиларини қабул қилади. 

31 март куни Тошкентнинг Grand Mir Hotel меҳмонхонасида Uzbek Tigers ва Astana Arlans жамоаларининг учрашув олди расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамоалар устозлари эртага бўладиган баҳсда жидду-жаҳд билан рингга чиқишлари таъкидланди. Шундан сўнг, боксчиларнинг вазнини ўлчаш маросими бўлиб ўтди. Шундай қилиб, эртага «Ўзбекистон» спорт мажмуасида қуйидаги боксчилар жуфтликларининг ажойиб жангларига гувоҳ бўлиш мумкин. 

49 кг: Ҳасанбой Дўстматов     vs   Темиртас Жусупов

56 кг: Абдулҳай Шораҳматов    vs    Илёс Сулейменов

64 кг: Элнур Абдураимов     vs    Дилмурод Мижитов

75 кг: Исроил Мадримов      vs    Сапарбай Айдаров 

+91 кг: Зуҳриддин Маҳкамов      vs    Антон Пинчук 

Uzbek Tigers WSB доирасида шу вақтгача 4 марта жанг ўтказди. Ўзбекистон вакиллари аввалига Хитойда China Dragons жамоасидан 2:3 ҳисобида енгилган, кейинги турда Қозоғистонда Astana Arlans жамоасига 1:4 ҳисобида имкониятни бой берганди. Тошкентда бўлиб ўтган 3-тур баҳсида Uzbek Tigers Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасини 5:0 ҳисобида таслим қилди. 4-турда эса Ўзбекистон жамоаси China Dragons жамоасидан 5:0 ҳисобида қасос олди.

Айни вақтда, Қозоғистон жамоаси гуруҳда 12 очко билан 1-ўринда жойлашган. Uzbek Tigers ҳисобида 6 очко бўлиб, иккинчи ўринни эгаллаб турибди.