Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий ходимлари томонидан ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида  жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш мақсадида шаҳардаги 322та мактабдан 72тасида, 78та коллеж ва 41та лицейлардан 59тасида “Давомат” тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар давомида 91 нафар мактаб, 42 нафар коллеж, 8 нафар лицей ўқувчилари турли сабабларга кўра дарс машғулотларида қатнашмаётганлиги аниқланди.

Шаҳар ИИББнинг эътироф этишича, ўқувчи ва талабаларнинг дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаслик ҳолатлари камайиб бормоқда. Буни олиб борилаётган профилактик тадбирлар самара бераётгани билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, 19 та интернет-кафеларда ўтказилган рейдлар давомида, 14 нафар ўқувчи дарс вақтларида, 5 нафар вояга етмаганлар тунги соат 22:00дан сўнг интернет-клубига ташриф буюргани аниқланди.

Қонун бузган ҳамда фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндошиб келган, 4 та интернет-кафе маъмурияти ва 23 нафар ота-оналарга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилган. 

Хусусан, шундай тунги рейдлардан бири Чилонзор тумани “Қўҳинур” ресторани ёнидаги интернет-кафелардан бирида ҳам ўтказилган. Мазкур муассаса бошқарувчиси Тошкент шаҳар ҳокимининг кечки 21:00дан кейин фаолият кўрсатмаслик тўғрисида чиқарган буйруғига бўйсунмагани етмаганидек, ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаган.