БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бу ҳафтада бошланган ядро қуролини тақиқлаш ҳақидаги музокараларда 115дан ортиқ давлат иштирок этмоқда. Бу ҳақда анжуман раиси, Коста-Риканинг бутунжаҳон ташкилотдаги доимий вакили Элейн Уайт Гомес хабар қилди. У муҳокамада ядро қуролига эга бўлган ҳеч бир давлат қатнашмаётганини тасдиқлади.

Шунингдек унинг қўшимча қилишича, мулоқотларда нодавлат ташкилотларнинг 220дан зиёд вакили ҳам иштирок этмоқда. Унинг сўзларига кўра, форум қатнашчилари барча жараён билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишди ва бўлажак конвенцияни муҳокама қилишга ўтишган. 

Гомеснинг хабар беришича, ядро қуролини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, фойдаланиш, эгалик қилиш ва уни қўллаш таҳдидига оид кўплаб таклифлар келиб тушган. Шунингдек қуролни жойлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинган. 

Гомеснинг аниқлик киритишича, жума куни якунланадиган музокаралар биринчи босқичидан сўнг у делегациялар таклифлари асосидаги конвенция лойиҳасини тайёрлайди. Анжуман ўз ишини 15 июнь куни тиклаб, уч ҳафта давомида кейинчалик БМТ Бош ассамблеясига бериладиган матн устида ишлайди.

Бош ассамблея томонидан ўтган йилнинг декабрида қабул қилинган ядро қуролига қарши конвенцияни тайёрлаш борасидаги қарор ғояси Австрия, Бразилия, Индонезия, Ирландия, Мексика, Нигерия ва ЖАР ташаббуси ҳисобланади. Ядро қуролига эга давлатлар, жумладан Россия ҳамда АҚШ бундай ҳужжат қабул қилинишига қарши чиқишган. 

Музокараларда иштирок этаётган Мексика делегацияси раҳбари Хорхе Ломонаконинг сўзларига кўра, тақиқловчи конвенциянинг қабул қилиниши ядро қуролидан холи бўлган дунёга эришишга ёрдам беради.