Сурияда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган курд ва араб отрядларига АҚШда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа етказиб берилди. Қурол-аслаҳа ИШИДнинг Суриядаги "пойтахти" деб ҳисобланувчи Раққага ҳужум олдидан етказилди.

Қурол-аслаҳа ортилган транспорт карвони Сурия шимолига Ироқ Курдистонидан етиб келган. Карвонни бир нечта зирҳли машиналар ва америкалик ҳарбийлар қўриқлаб борган, деб хабар бермоқда "Рудау" курд телеканали.

Телеканал маълумотларига кўра, бу АҚШ суриялик лашкарларга юбораётган иккинчи қурол-аслаҳа партиясидир. Биринчи партия январда етказилган. Ўшанда курд отрядларига 10 та зирҳли машина берилган.   

Раққани озод қилиш бўйича операция яқин кунларда бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 24 март куни Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилганди.