Зулхумор билан Икром (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яширин тарзда эр-хотин бўлиб яшаб келаётган эдилар, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бу кимсалар гуноҳ ишларини эл кўзидан яшириш учун ҳали суяги қотмаган, эндигина икки ойлик чақалоқни сотиш пайига тушди. 

Бировнинг уйида ижарада яшаётган эр-хотиннинг чақалоқ сотиш ҳақидаги хаёллари тезда кўчага тарқалди. Бола олувчилар ҳам дарров топилди. Аввалига Зулхуморнинг виждони қийналдими, болани сотиб олувчиларга “Йўқ, боламни сотмайман”, деб рад жавобини берди. Кўп вақт ўтмай, энди ўзи боласига харидор излашга тушди. Чақалоқ савдосининг амалга ошишига эса норасмий турмуш ўртоғи Икром ёрдам қўлини чўзди.

Бола олувчи билан учрашиш, унга болани кўрсатиш ва баҳосини келишиш Зулхуморни асло чўчитмади. Эр-хотин келишилган пулни олгач, харидорга мурғак Муҳиддиннинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ва ўзини кийинтириб, топширишди. “Савдо”ни жуда тез ва силлиққина битирдим, деб ўйлаб, хурсанд бўлган бу кимсалар чучварани хом санашган эди...

Бегоналар қўлига теккан гўдакнинг бир томчи кўз ёшига ҳам арзимайдиган 5 минг АҚШ долларини олиб, уйига шошаётган чақалоқфурушлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Зулхумор Жанаева ва Икром Тўйчиев қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлдилар ва суд ҳукми билан бу кимсаларга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.