Хитой ХХР раисининг АҚШга режалаштирилаётган ташрифи муваффақиятли бўлиши ва икки томонлама муносабатлар ривожининг кейинги ҳолатини белгилаб беришидан умид қилмоқда. Бу ҳақда ХХР ташқи ишлар вазири ўринбосари Чжэн Цзэгуан маълум қилди.

Трамп ва Си Цзиньпин учрашуви Трампнинг Мар-о-Ларго (Флорида штати)даги қароргоҳида 6-7 апрель куни бўлиб ўтади.

"Бу АҚШда янги маъмурият ҳукумат тепасига келгач, икки давлат етакчиларининг илк учрашуви бўлади... Ҳар икки томон ҳам ташриф муваффақиятли бўлишидан умид қилмоқда", - дея маълум қилди Чжан Цзэгуан брифингда.

Хитойлик вазир ўринбосарининг қайд этишича, чуқур мураккаб ўзгаришлар шароитида бу учрашув Осиё-Тинч океани минтақаси ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишга кўмак беришда жуда муҳим ўрин тутади.

Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги, шунингдек ўзаро манфаатли масалалар бўйича фикр алмашадилар. Оқ уй аввалроқ мамлакат етакчилари халқаро хавфсизлик ва икки томонлама муносабатлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиши ҳақида хабар берганди.

Трамп эса пайшанба куни Си Цзиньпин билан учрашув “жуда оғир” бўлиши ҳақида маълум қилди. "Хитой билан учрашув жуда мураккаб бўлади. Сабаби биз жуда катта савдо дефицити ва иш ўринларини йўқота олмаймиз. Америкалик компаниялар бошқа муқобил вариантларни қидириши керак", - дея маълум қилди Трамп Twitter’даги саҳифасида.

Маълумот учун, Трамп сайловолди кампанияси вақтида Хитойни унинг валюта ва иқтисодий сиёсати сабаб жуда кўп танқид қилди. Трампнинг фикрича, бу америкалик ишлаб чиқарувчиларга зарарга ишлайди.