Хитой етти янги тажрибавий эркин савдо зонасини яратади. Улар мамлакатда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини фаоллаштиришга имкон бериши ҳамда унинг очиқлик даражасини ошириши кутилмоқда. Бу ҳақида ХХР Давлат кенгашининг матбуот хизмати хабар берди. 

Мазкур қарор 1 апрелдан кучга киради - натижада Хитой ҳудудида 11 махсус савдо зонаси фаолият юритади. Улар Ляонин (ХХР шимоли-шарқи), Чжэцзян (шарқ), Хэнань ва  Хубэй (марказ), Сычуань (жануби-ғарб), Шэньси (шимол) провинциялари, шунингдек марказий ҳукумат назорати остидаги Чунцин шаҳрида жойлашади. 

Эркин савдо зоналарига доир қарор Хитойдаги инновацион жараёнларга рағбатлантирувчи таъсир кўрсатиши ҳамда  "камар ва йўл" концепциясини амалга оширишда асосий стратегик чора ҳисобланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Хитойдаги биринчи эркин савдо зонаси 2013 йилнинг 29 сентябрида Шанхайда ишга туширилган.