30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев белгиланган вазифалар ижроси, тизимдаги муаммолар ва соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор ўтказди.

Мажлис 4 соатга яқин вақт давом этган. Президент мажлисдан аввал Тошкент шаҳрини айланганида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларидан, маҳаллалардаги аҳволдан қониқиш ҳосил қилмагани маълум бўлган. 

Президент шаҳар раҳбариятига камчиликларни тўғрилаш учун 2 ой муддат берган.

Видеоселекторда иштирок этган манбанинг маълумот беришича, президент асосан Ички ишлар тизимидаги камчиликлар ҳақида гапирди. 

Президент собиқ Ички ишлар вазири Адҳамжон Аҳмедбоев фаолиятини қаттиқ танқидли сўзлар билан эслаган.

Шавкат Мирзиёев маҳаллалардаги участка нозирларининг иш шароитларини яхшилаш зарурлигига эътибор қаратган. Нозир қайси маҳаллада ишласа, айнан шу маҳаллада яшаши кераклиги айтилган. Шунга кўра, ходимлар учун давлат томонидан намунали турар жойлар қуриб берилади. Бу ишларни президент шахсан назорат қилади.

«Уй беришга шошилманглар. Ишим кўп бўлса ҳам уйларни ўзим кўриб чиқаман. Вақтим етмаса, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Тўлқинович бориб, альбомларни олиб келади ва ўзим кўриб, қўл қўйиб бераман. Уйлар шунчаки қурилмаслиги керак. Бундан ташқари, нозирларга хизмат автомобиллари топширилади», деган президент.

Шунингдек, махсус тайёрланаётган йўриқномага кўра участка нозирлари қасамёд қабул қилади.

«Халқ ҳам, нозир ҳам билсин бу давлат борлигини. Нозирларга ҳамма шароитларни яратиб берамиз, кейин иш талаб қиламиз», дея таъкидлаган президент.