Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатининг қонунчилик мажлиси сигир ўлдирганлик учун белгиланадиган қамоқ жазосини 7 йилдан умрбод муддатга узайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Бу ҳақида Hindustan Times'да хабар берилди

Манбада таъкидланишича, маҳаллий қонунчиликка киритиладиган тузатишлар штатга йирик қорамол ҳимояси бўйича қатъий қонун амал қилувчи штат мавқеини беради, шу билан бирга катта жарималар ва транспорт воситасининг умрбод мусодара қилинишини кўзда тутади. 

2011 йилда, Ҳиндистоннинг ҳозирги бош вазири Нарендра Моди штатнинг бош вазири лавозимини эгаллаган пайтда қонунбузарларга 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланиб, 50 минг рупийгача жарима солинар эди. Шунингдек полиция жониворлар ташиб кетилаётган автомобилларни ярим йилга мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлган. 

Ҳиндистон конституцияси штатларга "сигир ва бузоқларни ўлдириш"ни тақиқлашга доир чоралар кўриш ҳуқуқини беради. Бироқ штатларда жониворлар ҳуқуқи ҳимояси бир-биридан фарқ қилади.