Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи Қашқадарё вилоятидаги Миришкор тарихий-этнографик музейи фаолиятини такомиллаштириш масаласини сессияга олиб чиқди.

Музейлар Ўзбекистон тарихига оид қадимги тош ёзувлару битиклар, нодир қўлёзмалар, ноёб ашёлар, осори-атиқаларни сақлаб келаётган маънавият масканларидир. Мамлакатда музейлар фондини бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ёш авлодни ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонуни музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш, уларда сақланаётган ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишда ҳуқуқий асос бўлмоқда. Маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари ҳам партия сайловолди платформаси ижросини таъминлаш йўлида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мавжудларини таъмирлаш каби ишларга бевосита кўмаклашиб келмоқда.

Яқинда халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши сессиясида ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан Миришкор тарихий-этнографик музейи фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи муҳокама этилди.

— Ушбу  масалани сессияга олиб чиқишдан олдин чуқур ўргандик, партия гуруҳи йиғилишида обдон муҳокама қилдик, — дейди халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Нодирбек Носиров. — Ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги Миришкор тарихий-этнографик музейи узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолгани, кўплаб экспонатлар шикастлангани ва емирилгани аниқланди. Партия гуруҳи музей ташкилотчиси Омон Бурхонов 32 йил давомида тўплаган 700га яқин тарихий осори атиқа, ноёб буюмлар, қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолиш, музей фаолиятини такомиллаштириш, уни келажак авлодга бус-бутун ҳолича етказиш ва тарғиб этишга кўмаклашиш зарурлиги ҳақида хулосага келди.

Дарҳақиқат, Миришкор тарихий-этнографик музейи туман ёшларини маданий, тарихий ва бадиий меросимиз, умумбашарий қадриятлар, ўтмиш, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи ва анъаналари, санъат асарлари билан таништиришда ягона муассаса эканлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Музейда турли даврларга оид ноёб топилма ва буюмлар тўпланган. Аждодларимиз бундан бир неча минг йиллар аввал кундалик ҳаётда ишлатган иш қуроллари, сопол, мис буюмлар, этник кийимлар, тангалар, қадимий қўлёзмалар, қоғоз пуллар, зеб-зийнату тақинчоқлар, чолғу асбоблари шулар жумласидан. Ушбу нодир экспонатлар ёшлар дунёқарашини янада кенгайтиришга, уларнинг ўтмиш тарихимиздан бохабар бўлишига, қолаверса, партия дастурий мақсадлари ижросига хизмат қилади.

Сессияда музей фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой  ўтган йиғилишда бу борада жамоат ташкилотлари ва фуқаролар йиғинларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш, музей фаолиятини замон талаби даражасида тубдан ўзгартириш ва янги экспонатлар билан бойитиш, музейда турли танлов ва кўргазмалар ташкил этиш орқали маскан фаолиятини кенг жамоатчиликка таништириш ва зиёратчиларни янада кўпроқ жалб қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Билдирилган фикрлар, таклиф-тавсиялар асосида сессия қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, музей экспонатлари ва коллекцияларини янада бойитиш, асраб-авайлаш, ҳисобини юритиш ҳамда оммавийлигини ошириш учун зарур шароит яратиш юзасидан ишчи гуруҳ, музейда маданий-маърифий тарғибот, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, ҳомийлик маблағларини жалб этиш каби масалаларда кўмак бериш мақсадида жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Ҳоким ўринбосарлари, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими зиммасига музейнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни муҳофаза қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, музейга ўқувчиларнинг мунтазам қатновини таъминлаш, ушбу масканда сайёр дарслар ташкил этиш юклатилди. Шунингдек, музей фаолиятини
оммавий ахборот воситалари, туман ҳокимлиги расмий сайти орқали кенг ёритиш, аҳоли ўртасида оммалаштириш, тарғиб қилиш  юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Омон Бурхонов,
музей ташкилотчиси, ЎзМТДП фаоли:

— Қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлган юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос тарихга эга. Ватанимиз ўтмишига оид тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишда музейларнинг ўрни беқиёс. Ушбу йўналишдаги эзгу ишларга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида анча йиллар олдин туманимизда ҳам тарихий музей ташкил этиш нияти туғилган эди.  Шу мақсадда 2004 йилда мазкур музейни ташкил этишга киришдик. Бироқ орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, зарур шароит, етарлича эътибор қаратилмади. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоларига бўлган мурожаатдан сўнг ушбу масала сессия муҳокамасига олиб чиқилиб, музей фаолиятини янада такомиллаштириш борасида муҳим қарор қабул қилинди. Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар, энг аввало, ёшларни юртимиз тарихи, ноёб ёдгорликлар билан таништириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омилдир. Зеро, Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Акром Тўлаганов, ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони етакчи мутахассиси