Қашқадарё вилоятининг Косон тумани халқ таълими муассасалари фаолияти методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими кадрлар иши бўйича инспектори А.Бекжонова ва туман давлат архиви архившуноси Д.Расулов ўзаро тил бириктириб, нақд ўттиз йиллик “тарих”га ўзгартириш киритишди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Гап шундаки, Оқтепа қишлоғида яшовчи Ф.Жўраева ва Ш.Омонова тумандаги халқ таълими муассасаларида ишламаган бўлишса-да, расмий ҳужжат ҳисобланган “Ишчи ходимларни ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқлар”, “Ишчи ходимларнинг иш ҳақи”, “Меҳнат дафтарчаси” ва архив маълумотномаларига киритилган сохта ёзувлар туфайли бир зумда 1977 йилдан 2007 йилга қадар тизимда фаолият кўрсатган бўлиб чиқишди. Албатта, бу иш шахсий манфаатларини кўзлаган А.Бекжонова ва Д.Расуловнинг кўмаги билан амалга ошди.

Мазкур ҳужжатлар қалбакилаштирилиб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимига тақдим этилиши оқибатида 2014 йил 7 апрелдан 2016 йил 1 февралга қадар Ф.Жўраева ва Ш.Омоновага жами 7 млн. 481 минг сўмдан ошиқроқ миқдордаги бюджет маблағи нотўғри тўлаб берилган.

Кадрлар иши инспектори ва архившуносга суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.