Қирғизистонда 2017 йилги ҳаж сафари нархи 160 долларга ошди ва 2760 долларни ташкил қилди.  Бу ҳақда матбуот-анжуманда Қирғизистон муфтийси ноиби Акимжан ҳожи Эргешов маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳаж сафари нархи ошиши ҳаж мавсуми йилнинг иссиқ даврига тўғри келаётгани сабабли Саудия Арабистонининг зиёратчилар учун хавфсиз шароитларни яратиш бўйича чораларни қабул қилиши қарори билан боғланган.

"Саудия Арабистони Арофат водийсида ёнғинга бардошли чодирлар ўрнатмоқчи", деб айтди ноиб.

Шу сабабли Саудия Арабистони ҳаж сафари нархини қўшимча 200 долларга оширган, бироқ Қирғизистон муфтийси Максат ҳожи Токтомушев бу қийматни қирғизистонликлар учун 160 долларгача камайтиришга муваффақ бўлган.

Акимжан ҳожи Эргешовнинг таъкидлашича, дастлабки 400 долларлик тўловни амалга оширганлар 3 апрелдан бошлаб 21 апрелгача қолган 2360 долларни тўлашлари керак.

2016 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж нархи 10 млн сўм атрофида бўлганди. 2017 йил учун апрелда чиқадиган янги нарх 12-13 млн атрофида бўлиши кутилмоқда.