Афсонавий футболчи Диего Марадона ФИФА раҳбари Жанни Инфантино билан Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Мессининг дисквалификациясини қисқартириш имконияти ҳақида гаплашмоқчи.

Футболчи ЖЧ-2018 саралаши доирасида Чилига қарши кечган ўйинда ҳакам ёрдамчисини ҳақорат қилишда айбланиб, терма жамоанинг 4 учрашувида иштирок этишдан четлатилган. У шунингдек, 10 минг евро миқдорида жаримага тортилган.

«Мен дисквалификация ҳақида эшитиб қаттиқ ранжидим. Худо шоҳид, мен ҳали нима бўлганини аниқ билмайман. Мен ўзим текшириб кўраман.

Мен Месси билан гаплашиб олиш учун унга бир неча марта қўнғироқ қилдим, лекин ҳали у жавоб қайтармади. У - ажойиб йигит. У ҳеч қачон шикоят қилмайди. Мен Инфантино билан гаплашаман, чунки бу жуда адолатсиз қарор. 4та ўйин - жуда кўп, ҳатто қоидабузарлик ўта қўпол бўлганда ҳам. Умид қиламанки, ФИФА жазони енгиллаштиради», дея Марадонанинг сўзларини келтирган Sport Mediaset.