Америкалик тадбиркор, SpaceX ракетасозлик компанияси раҳбари Илон Маск коинот тадқиқотларининг келажаги коинот техникасини кўп марталаб ишлатиш ортида эканлигини айтди. The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, Маск бу фикрни унинг компанияси Falcon 9 ракетасининг биринчи босқичини тарихда биринчи марта қайта коинотга учириб, сўнгра бу элементни махсус платформага қўндира олганидан кейин журналистлар билан учрашувда билдирди. 

Маскнинг айтишича, компания раҳбарияти Марснинг ўзлаштирилиши коинот кемаларини ушбу сайёрага парвоз учун кўп марталаб ишлатиш мумкинлигига бевосита боғлиқ. Суҳбат чоғида Маск Марсга одамларни ташиш учун мўлжалланган улкан кемалар Қизил сайёрага минглаб парвозларни амалга оширишга яроқли бўлиши кераклиги ҳақидаги ғояни айтди. У Марсдаги одамлар яшайдиган биринчи жой у ҳаётлигидаёқ яратилишини исташини айтди. Шу билан бирга Маск "Бу мақсадга эришиш учун биз компанияни касодга учратмоқчимасмиз", деб айтган.

Маскнинг айтишича, унинг компанияси ракеталарнинг Ерга мустақил қайта олувчи ва такрор қўллаш мумкин бўлган тезлаштирувчи блокидан фойдаланмоқчи. Капсула Марсгача етиб бора олиши учун уни Ер орбитасида ёки Ойда ёқилғи билан қайта тўлдириш таклиф қилинмоқда. Ушбу лойиҳа учун суюқ метан ва суюқ кислородда ишловчи жуда кучли ракета двигателлари яратилиши керак. 

Маскнинг башорат қилишича, Марсга бир вақтда 100-200 кишидан жўнатилса, уни 40-100 йил ичида эгаллаш мумкин бўлади. Бунда Қизил сайёрагача парвоз давомийлиги 80 кундан 150 кунгачани ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.