Канаданинг Bombardier Inc машина қуриш фирмаси олий менежменти компания катта миқдорда зарар кўраётганига қарамай, ўзига кўп миллионли мукофот пулларини тўлади. Бу ҳақда CBC телеканали хабар берди.

2016 йил якунлари бўйича Bombardier беш нафар топ-менежери 32,6 миллион долларни мукофот тариқасида олган.

Шу билан бирга, Bombardier бир неча йилдан бери фақат зарар кўрмоқда. 2015 йилнинг охирида Квебек вилояти ҳукумати ишлаб чиқарувчини сақлаб қолиш учун унга 1 млрд доллар сармоя киритиш ҳақида қарор қабул қилди. 

2017 йил бошида эса федерал ҳукумат Bombardier’га яна 372,7 млн Канада долларини (282,9 млн АҚШ доллари) ажратиши ҳақида маълум қилди. Кўрсатилган маблағлар тўрт йил давомида қопланиши керак бўлган қарзларни ёпиш учун ўтказиб берилади.

Компания раҳбарияти эса қўшимча молиялаштиришга қарамай, сўнгги икки йилда 14,5 минг кишини ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Маълумот учун, Bombardier машиналар қуриш компанияси йўловчи поездлари ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик корхона саналади, шунингдек у фуқаролик самолётлари қуриш бўйича учинчи ўринда.