31 март, жума куни Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Парачинор шаҳрида жойлашган шиа мусулмонлари масжиди ёнидаги бозорда автомобилга ўрнатилган бомба портлаши қайд этилди. Бунинг натижасида камида 22 киши ҳалок бўлди, 50 нафардан ортиғи жароҳат олди. DailySabah шу ҳақида хабар берди

Маҳаллий ҳукумат вакили Муштоқ Ғанининг сўзларига кўра, ҳужум Парачинордаги шиалар масжиди ёнида, Нур бозори яқинида амалга оширилган. Маҳаллий телевидениеда портлаш қурбонларининг тез тиббий ёрдам машиналари ва хусусий транспорт воситаларида олиб кетилаётгани кўрсатилган. 

Покистон армияси ўз баёнотида бомабардимон ҳақидаги хабарни тасдиқлаган ва қурбонларга ёрдам кўрсатиш ҳамда  эвакуация қилиш учун бир гуруҳ шифокорлар билан вертолёт йўллаганини маълум қилган. 

Бомба бозор яқинидаги автомобилда бўлгани айтилган, лекин унинг худкуш орқали портлаган ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. 

Ҳукумат маъмури Зоҳид Ҳусайннинг айтишича, портлаш шу қадар кучли бўлганки, у ҳатто яқин атрофдаги автомобиллар ва дўконларга ҳам катта зиён етказган. Унинг таъкидлашича, ҳукумат фавқулодда вазият ҳақида эълон қилган. Қутқарувчилар ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларни яқин орадаги шифохоналарга етказишмоқда. 

Ҳужум ким томонидан амалга оширилгани номаълум бўлса-да, унда тақиқланган Лашкар-и-Жангви сунний мазҳаб жангари гуруҳи айбланмоқда - гуруҳ бундан аввал шиалар кўпчиликни ташкил қилувчи мазкур минтақада амалга оширилган ҳужумларда айбдор деб топилган эди.