Украина президенти Пётр Порошенко Украина бош штаби ва мудофаа вазирига 1 апрелдан Донбассда ўт очишни тўхтатишни буюрди. Бу ҳақда Порошенко матбуот котиби Святослав Цеголко твиттерда маълум қилди

Ҳозирда Мальтада бўлган Порошенко айирмачилар ярашув сулҳига амал қилишларига шубҳа билдирди.

29 март куни Украина бўйича алоқа гуруҳи Минскда 1 апрелдан Донбассда ўт очишни тўлиқ тўхтатишга келишиб олганди.

Айирмачилар ярашув сулҳига амал қилишларини айтишган. Тан олинмаган "Луганск халқ республикаси" халқ милицияси расмий вакили Андрей Марочко айирмачилар ҳозир жавоб ўт очишмаётганини ва Минск келишувларига амал қилишаётганини таъкидлаб ўтган. Бироқ унинг айтишича, 29 март куни эришилган келишувлардан кейин Донбассда вазият кескинлашган ва украиналик ҳарбийлар томондан ўққа тутишлар сони ошган.